ТикТок Қирғизистон расмийлари билан илованинг тақиқланмаслиги ҳақида музокара ўтказмоқда

ТикТок ижтимоий тармоғининг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ҳукумат ва корпоратив алоқалар бўйича директори Сергей Соколов Қирғизистон расмийлари билан музокаралар ўтказиш учун Бишкекка келган.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг вакили Бектур Ибрагимовнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий тармоқ вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда.

“Биз ёш бўйича чекловларни жорий этиш ва платформа қоидаларини Қирғизистон қонунчилиги билан мувофиқлаштириш шартларини қўйганмиз. Уларнинг айтишича, техник жиҳатдан муаммолар келиб чиқиши мумкин. Музокаралар давом этмоқда”, – деди Ибрагимов.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакатда ТикТок ижтимоий тармоғини тақиқлашга киришганини 30 августда эълон қилган эди. Вазирлик баёнотида айтилишича, ТикТок болалар саломатлиги ва ривожланишига зарар етказувчи маълумотлардан фойдаланишга чекловлар қўймаслиги аниқлаган.

Аввалроқ Жўғўрқу Кенеш (парламент)депутатлари ҳам ижтимоий тармоқнинг болаларга “салбий таъсири”ни рўкач қилиб Қирғизистон ҳудудида ТикТокни блоклашни таклиф қилган эди.

ТикТок блокланиши ҳақидаги хабар тарқалгач таниқли шахслар ва блогерлар видеосервиснинг тақиқланишига қарши чиққан.

Июнда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси август ойидан бошлаб интернет-трафикни бошқариш ва фильтрлаш имконини берувчи DPI (Deep Packet Inspection) технологиясидан фойдаланишни бошлаши мумкинлиги хабар қилинган эди.

ТикТок – бу қисқа видеоларни яратиш ва томоша қилиш ижтимоий тармоғидир. Ушбу дунёдаги энг кўп юклаб олинган иловалардан бири Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли. Аксар қирғизистонликлар ТикТокдан фаол фойдаланадилар, ўнлаб таниқли блогерлар ушбу хизматда контент яратишади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ