Франция мактабларида анъанавий мусулмон либоси – абаяни тақиқлашади

Францияда анъанавий мусулмон либоси бўлмиш абаяни мактабга кийиб келишни тақиқлашмоқда. Бу ҳақида Франция таълим вазири Габриэл Аттал маълум қилган. 

TF1 телеканали билан суҳбатда вазир «синфга кирганда сиз ўқувчининг диний мансублигини бир қарашда аниқлай олмаслигингиз керак» деб тушунтирган. «Бундан буён абая мактабда тақиқланиши ҳақида қарор қабул қилдим» деган Аттал. Унинг айтишича, кейинги ҳафта у мактаб раҳбарлари билан ушбу тақиқни жорий этиш ҳақида гаплашади. Ушбу тақиқ янги ўқув йилидан кучга кириши кутилмоқда.

Францияда 2004 йилда диний рамзларни, жумладан христианларнинг хочи, яҳудийлар кипаси ва мусулмонларнинг ҳижобини мактаб ҳудудида тақиқлаш ҳақида қонун қабул қилинган. Абая шу кунгача тақиқланмаган эди. Сўнги пайтлар француз мактабларида тақиқланган исломий либос ўрнига анъанавий мусульмон аёл кийими бўлмиш абаяни кийиб келиш урфга айланган. Бу эса, бир қатор сиёсатчиларнинг фикрича, Француз Республикасининг дунёвий қадриятларига зиддир.

Франция Миллий мажлисининг раиси Яэль Браун-Пиве ўтган ой «Рамазон ҳам, абая ҳам, кўз-кўз диний рамзлар ҳам» бўлмайдиган «мутлақо дунёвий давлат мактабига» қайтишга чақирган.

Француз республикачилари партияси ҳам вазир қарорини зарурий ва долзарб дея қўллаб-қувватлади. Сўлчилар партияси бўлмиш «Бўйсунмаган Франция» (LFI) эса аксинча, тақиқни конституцияга зид деб ҳисоблайди.

Турли мусулмон ташкилотларини бирлаштирган Француз ислом дини кенгаши (CFCM) билдиришича, ҳеч қандай либос «диний рамз» сифатида кўрилмаслиги керак.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ