“Кешбэк”ни танқид қилган “Имом Термизий” масжиди имоми ишдан олинди

Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматов “ижтимоий тармоқлардаги бир қатор баҳс-мунозарали, ҳиссиётли кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари” ортидан вазифасидан озод этилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати 25 август куни хабар берди.

Расман билдирилишича, 25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида “Исоқжон домла” деб танилган имомнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинган. Комиссия аъзолари томонидан имом-хатиб “қаттиқ танқид остига олинди”.

Имом сўнгги чиқишида “Кешбэк”ни ўйлаб топганлар халққа, савдогарларга зулм қиляпти”, деб айтган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, “Ички назорат комиссияси аввал ҳам ушбу имом-хатибнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган эди”.

“Йиғилишда Исоқжон Бегматовнинг мазкур чиқишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмаслиги, балки унинг ўзбилармонлик ила айтган шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланди”,- дейилади хабарда.

Ички назорат комиссияси қарорига асосан имом-хатиб мазкур чиқишларида ушбу йўналишдаги буйруқлар талаблари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига мунтазам равишда риоя этмагани учун Исоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ