Бишкек суди чечен фаоли Мансур Мовлаевни икки ойга ҳибсга олди

21 август куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳибсга олинган Чеченистон Республикаси фуқароси Мансур Мовлаевга нисбатан эҳтиёт чорасини танлади.

Унинг адвокати Илгиз Носировнинг сўзларига кўра, суд Мовлаевни 21 октябрга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида ҳибсда сақлашга қарор қилган.

Чеченистонлик фаол Мансур Мовлаевнинг ҳибсга олингани ҳақида аввалроқ унинг адвокати Илгиз Носиров ва ҳуқуқ фаоли Толекан Исмоилова хабар берган эди. Адвокатнинг таъкидлашича, у давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда, бунинг учун фаол жарима ёки икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Тергов изоляторига маҳбусни кўриш учун Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази ходимлари борган. Ташкилот раҳбари Бакит Рисбековнинг айтишича, Мовлаев қийноқлар қўлланилганидан шикоят қилмаган, бироқ Қирғизистондан экстрадиция қилинса, ватанида қийноқларга дучор бўлишини таъкидлаган.

VC.RU сайти хабарига кўра, Чеченистон Республикасида (РФ) туғилган 28 ёшли Мансур Мовлаев 2020 йилда “сиёсий ва диний қарашлар туфайли 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2022 йилда у шартли равишда озодликка чиқарилган, бироқ Шалинский туман ИИБ ходимлари томонидан яна ҳибсга олинган, у ердан Мовлаев қочиб, мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ