“Кампиробод иши”: айбланувчилар очлик эълон қилиш ниятида

“Кампиробод иши” бўйича ҳибсда сақланаётган судланувчилар яна очлик эълон қилиш ниятида. Бу ҳақда улар 21 август куни йиғилиш ўтказилиши керак бўлган Бишкекнинг Первомайский туман судида маълум қилди.

“Кампиробод иши”ида айбланувчилардан бири, сиёсатчи Азимбек Бекназаровнинг айтишича, гумонланувчиларга иш материаллари билан танишиш имконияти берилмаган.

“Биз бундай ноқонуний судда иштирок этмаймиз. Президент, Жогорку Кенеш ва халқаро ташкилотларга мурожаат қиламиз. Бизнинг очлик эълон қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Эҳтиёт чорасини ўзгартириш тўғрисидаги илтимосномалар ҳатто суд кун тартибига ҳам киритилмаган. Иш материаллари билан танишиш тартиби ҳам белгиланмаган. Жараён ёпилиши ҳақида ҳам қарор йўқ. Биз судьяга ишонмаймиз”, – деди Бекназаров.

21 августга белгиланган суд мажлиси айбланувчилар иш материаллари билан таниш эмаслиги сабабли бекор қилинди. Навбатдаги йиғилиш 5 сентябрга белгиланган.

Аввалроқ “Кампиробод иши” бўйича судланувчилар Равшан Жеенбеков, Кенешбек Дуйшебаев ва Жениш Молдокматов иш материаллари билан таниша олмаганликларини маълум қилганди.

“Кампиробод иши” бўйича айбланувчиларнинг баъзилари ҳибсга олинган пайтдан бери расмийлардан адолатли тергов ўтказилиши ва уларнинг озод этилишини талаб қилиб, икки марта очлик эълон қилишган.

2022 йил октябрь ойида 27 нафар сиёсатчи ва фаол оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Иш бўйича тергов деярли саккиз ой давом этди, 2023 йил июнь ойида материаллар судга тақдим этилди. Айни пайтда 14 киши қамоқда қолмоқда, 13 киши уй қамоғига озод қилинган.

“Кампиробод иши” бўйича тергов материаллари 52 жилддан иборат. Ички ишлар вазирлиги материалларга махфийлик муҳри қўйган, шу асосда маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда.

Ҳибсга олинганларнинг ўзлари жиноят ишини “Кампиробод иши” омбори ерларини Ўзбекистонга бериш ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузиш борасидаги позицияси учун сиёсий таъқиб, деб ҳисобламоқда.

Айни пайтда Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги терговда айбланувчига нисбатан етарлича далиллар борлигига ишонтирмоқда. Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров “Кампиробод иши” бўйича тергов жараёнига бир неча бор изоҳ бериб, ҳибсга олинганлар “халқни безовта қилгани”, шунингдек, “давлат тўнтариши” уюштиришга уринганини таъкидлаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ