Ўш шаҳар яшовчиси Шавкат Мирзиёевга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Милиция текширмоқда

Ўшнинг Амир-Темир кичик шаҳарчасида яшовчи шахс Тик-Ток ижтимоий тармоғи орқали, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган.

“Ҳурматли Мирзиёев Шавкат Миромонович! Аллоҳ умрага борганизи, ибодатларизи қабул қилсин. Бизнинг Ўшимизга бир келиб кетсангиз. Бағримиз жуда қонга тўлди. Бизни яккамаҳов қилиб қўйишяпти. Мен очиқдан-очиқ айтаман, иложи йўқ гапиряпман. Қалбимда тўлиб тошиб кетяпти. Ўшга келиб, 10 адирга келиб кетсангиз яхши иш бўларди. Нур устига нур бўларди. Тарихда қоладиган иш қилсангиз яхши бўларди. Муаммоларни келганизда юзизга айтардик. Қалбимиздаги дардларни айтардик. Ҳужжат ишларида, йўлларимизда бизни қарамай қўйишди. Жуда миллатчилик авжига чиқиб кетди, очиқдан-очиқ. Балки бундан хабариз бордир. Қўпол гапирган бўлсам узр. Қалбимдагини айтдим. Нима бўлаётганини халқ кўриб турибди. Биз қаерда яшаётган бўлсак ташландиқ бўлиб кетдик. Йўллар аҳволини кўрмайдиган бўлиб кетди. Ҳужжат ишларида қисишяпти. Атайлаб хато ёзиб қўйишяпти. Жуда устимиздан кулишяпти. Бу  ҳозирги кунларда бўлаётган аниқ воқеалар. Аниқ айтаман, исбот қилиб бераоламан. Сиздан умид қиламиз, Шавкат Миромонович”, дейди 60 яшар ўшлик киши.

Мурожаат эълон қилинганидан сўнг, у Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб келиниб, мурожаат қилиш сабаблари сўралган.

Милицияга кўра, мурожаатда айтилган маълумотларни аниқлаш мақсадида Ўш шаҳар мэрияси билан ҳамкорликда тегишли чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, мурожаат қилган фуқаронинг сўзлари қонунийлигини ўрганиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, тегишли экспертизалар тайинланган ва мурожаат юборган фуқарога ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.

Ушбу видео ижтимоий тармоқ қўлланувчилари тарафидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Аксари мурожаат қилган шахсни, Қирғизистон ёқмаса, Ўзбекистонга кўчиб кетишлигини тафсия қилишмоқда.  

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ