Иссиқ-кўл соҳилидаги тўртта пансионат 49 йил давомида Ўзбекистон томонидан бошқарилади. Бу ҳақда Озодликка Давлат мулкини бошқариш агентлиги директори Қанатбек Турғунбеков маълум қилди. Гап “Дилором”, “Золотие пески”, “Роҳат” ва “Бўстон” пансионатлари ҳақида кетмоқда.
Турғунбековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон пансионатларнинг ҳар бирига 15-20 миллион доллардан сармоя киритмоқчи.
2020 йилдаёқ ҳукумат “Олтин Қум”, “Роҳат” ва “Дилором” давлат пансионатларини хусусий мулкка ўтказиш нияти борлигини маълум қилган эди. Давлат мулкини бошқариш жамғармаси мазкур бинолар давлат мулки бўлиб қолишини ва инвесторга вақтинчалик бошқарувга берилишини маълум қилди.
2016 йилда Қирғизистон ҳукумати Совет даврида Иссиқ-кўлда Ўзбекистон фойдаланган тўртта пансионатни хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Дам олиш масканларининг номлари қирғиз тилига таржима қилиниб, “Роҳат” – “Алтин жай”, “Дилором” – “Эне-Сай”, “Золотие пески” – “Бостери” деб ўзгартирилган. Аммо “Бщстон” пансионатининг номи ўзгаришсиз қолган.