Абдулла Арипов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-мажлисида иштирок этиш учун Қирғизистонга ташриф буюрган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-ҳуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, Жапаров Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларида икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларида мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлади.

Президент сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашда изчил ўсиш кузатилаётганига эътибор қаратди, муҳокама қилинган масалалар ва эришилган келишувлар икки давлат ҳукуматлари даражасида тўлиқ амалга оширилишига ишонч билдирди.

Арипов Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида қабул қилинган тарихий қарорларга тўхталди. Хусусан, Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш жараёнини якунлаш шулар жумласидан.

Учрашувда томонлар икки халқ фаровонлиги, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма режа ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10 йиғилиши жорий йилнинг 15-16 август кунлари Қирғиз Республикаси Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ