Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россияда такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Қирғизистон фуқаросининг калтаклангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Ташқи ишлар вазирлиги 3 август куни тарқатган баёнотда Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси жабрланган Қирғизистон фуқароси билан алоқа ўрнатгани, унга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётгани айтилади.
“Қирғизистонлик такси ҳайдовчисига ҳужум қилиш билан боғлиқ воқеа 2023 йил 18 июль куни содир бўлган. Жабрланувчи элчихонага мурожаат қилмаган. Мазкур факт юзасидан элчихона томонидан жабрланган ватандошимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасидан Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборилди”, — дейилади ТИВ хабарида.
Департаментнинг қўшимча қилишича, бу масала Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси назоратига олинган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда йўловчининг муштлари билан такси ҳайдовчиси устига бостириб келгани тасвирланган видео тарқалди. Тавсифда қайд этилишича, эркак ҳайдовчини машинада спиртли ичимлик ичишга рухсат бермаганидан кейин калтаклай бошлаган. Шунингдек, жабрланувчи Россия полициясига ариза топширгани, бироқ у қабул қилинмагани хабар қилинган.