Энергетика вазири Таалайбек Ибраев Озодлик нашрига берган интервьюсида энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилиши сабабларини тушунтирди.
Унинг таъкидлашича, бу режим электр энергияси истеъмолчилари – аҳоли ва тадбиркорлик соҳасига таъсир қилмайди.
“Бизда электр энергияси етишмаяпти, 2010 йилда Қамбарота-2 ГЭСида битта агрегат ишга туширилди, 120 мегаватт қувватга эга ГЭС бор-йўғи 90 мегаватт қувват ишлаб чиқаради. Ўшандан бери йирик ГЭСлар ишга туширилмаган. Сармоядорлар ГЭС қурмоқчи бўлганида, участка ажратиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. 3 йил давомида ҳужжат йиға олмайдиган, 12 та бўлимни, ҳатто Соғлиқни сақлаш вазирлигини ҳам четлаб ўтадиганлар бор. Бундай масалаларни битта бўлимда ҳал қилиш керак, деган қарорга келдик. 2026 йилга келиб биз камомадни бартараф этишимиз ва электр энергиясини экспорт қилишни бошлашимиз керак”, — деди вазир.
Ибраев давом этаётган электр таъминотидаги узилишларга изоҳ берар экан, “таъмирлаш ишларини олиб бориш учун электр энергияси жадвал бўйича ўчирилмоқда”, деди.
“Аммо электрни ўчирмасдан қандай қилиб таъмирлашни амалга ошириш мумкин? Бу тартибга солувчи ҳаракатлар. Бу ўзгарувчан тўхташлар эмас. 1 ноябрдан бошлаб таъмирлаш ишлари бўлмайди ва шунга мос равишда ўчиришлар ҳам бўлмайди”, — таъкидлади энергетика вазири.
Эслатиб ўтамиз, 1 августдан Қирғизистонда энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат (ФҲ) жорий этилади. Тегишли фармонни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров имзолади. Фавқулодда ҳолат 2026 йил охиригача амал қилади. Бу даврда Қирғизистон Республикаси Энергетика вазирлиги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш учун яроқли ер участкалари билан ишлаш бўйича кенг ваколатларга эга бўлади, кейинчалик уларни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Яшил энергия жамғармасига ўтказиш назарда тутилади.
Президент Садир Жапаров ўз фармонига изоҳ берар экан, “Аслида энергетика соҳасида фавқулодда вазият мавжуд эмас”, деб таъкидлади ва унинг фармони билан тегишли вазирнинг соҳага оид қарорлар қабул қилишдаги ваколатлари кенгайтирилди, холос.
Сўнгги йилларда Қирғизистон Республикасида ҳар йили тахминан 14-15 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Аммо деярли ҳар йили истеъмол бу ҳажмдан ошади. Натижада мамлакат ҳукумати электр энергияси тақчиллигини импорт ҳисобига қоплайди. Масалан, 2021 йилда Қирғизистон Республикасида 15,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, ўшанда истеъмол 16,3 миллиард кВт/соатни ташкил қилган. 2022 йилда эса атиги 13,85 миллиард киловатт/соат ишлаб чиқарилган, 15,9 миллиард киловатт/соат истеъмол қилинган.
2023 йилда мамлакатга 17 миллиард кВт/соат керак бўлиши башорат қилинган эди, бироқ Тўқтўғул сув омборидаги намликнинг пастлиги режалаштирилган миқдорда электр энергияси ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги мумкин.