Қирғизистонда сўнгги икки йилда ҳарбий соҳага 1,4 миллиард доллар ажратилгани билдирилди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 20 июлда ўтган ҳукумат мажлисида сўнгги икки ярим йил ичида давлат бюджетидан ҳарбий соҳага 120 миллиард сом (тақрибан 1,4 миллиард доллар) ажратилгани тўғрисида маълум қилди.

“Биз ҳарбий техникани ва қуролларни кенг қамровли равишда янгиладик. 2020 йилда бунинг учун фақат 3,5 миллиард сом ажратилган бўлса, 2021 йилда 32 миллиард, 2022 йилда 53 миллиард сарфланди. Жорий йилнинг олти ойида 40 миллиард сомдан кўпроқ маблағ ажратилди. Шундай қилиб, сўнгги икки ярим йилда 120 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ берилди”, – деди Ташиев.

Унга кўра, бугунги кунда қирғиз армияси бюджет ҳисобидан “Байрактар”, “Аксунгур”, “Акинжи” дронлари, «Печора-2 БМ» мобил зенит-ракета тизими, ҳаводан мудофаа тизими, Ми-8 ва Ми-17 русумидаги вертолётлар билан таъминланди.

Қамчибек Ташиев 6 март куни Жалолобод вилоятига қилган сафари чоғида аҳоли билан учрашар экан, давлат бюджети ҳисобидан Қирғизистон армиясини ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун камида бир миллиард долларлик қурол ва замонавий ҳарбий техника сотиб олинганини билдирган эди.

“Бундан кейин ҳам замонавий қурол ва техника билан армияни таъминлашда давом этамиз. Асосийси, биз урушга тайёргарлик кўрмаяпмиз, биз мудофаага тайёргарлик кўряпмиз”,- деган эди Ташиев ўшанда.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил учун Қирғизистон давлат бюджети 500 миллиард сом миқдорида тасдиқланган. Қирғизистоннинг ташқи қарзи 2023 йил 31 март ҳолатига кўра 5 миллиард 623 миллион доллардан кўпроқни ташкил қилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ