Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси милиция майорини қурол савдосида гумон қилиниб қўлга олинди

6 июль куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлигининг Ички тергов хизмати билан биргаликда милиция майорининг қўлга олингани ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот органи ходими ўқотар қурол ва ўқ-дориларни сотишга уринган вақтда қўлга олинган.

Тергов маълумотларига кўра, қўлга олинган милиция ходими “Ички ишлар вазирлигида хизмат қилган йиллар давомида тўппонча, милтиқ ва ўқ-дориларни ноқонуний сотиш билан тизимли равишда шуғулланган”.

Хавфсизлик хизмати маълум қилишича, майорнинг уйини тинтув қилиш чоғида қурол ва ўқ-дорилар арсенали топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” ва “Қуролнинг қонунга хилоф равишда муомаласи” моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Қўлга олинган шахс Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилди.

2022 йил охирида мамлакат Ички ишлар вазирлиги тизимни “виждонсиз ва ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарайдиган ходимлардан тозалаш” бошланганини маълум қилди.

МХДҚ томонидан Норин ва Жалолобод вилоятлари ички ишлар органлари ходимлари уюшган жиноий гуруҳларга бошпана берганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганидан сўнг туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ишдан бўшатилди, жами 22 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги раҳбари Норин, Жалолобод, Ўш ва Иссиқкўл вилоятларига янги раҳбарларни тайинлади. Яқин вақт ичида бир қатор шаҳар, вилоят, туман бўлимлари ҳамда ички ишлар бошқармалари ҳамда марказий аппарат хизматлари раҳбарларининг фаолияти кўриб чиқилиши таъкидланди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ