Айтсам тилим… Қирғизистонда ўзбек миллий-маданий марказининг кераги борми?

Марказларнинг сони ортган сайин уларнинг обрўси ва ишининг сифати тушиб бормоқда.

Яқинда Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Республика Ўзбек миллий-маданий марказининг қурултойи ҳақида ўзбек тилида чиқадиган икки сайтдан бошқа ҳеч бир оммавий ахборот воситаларида хабар берилмади. Икки мақоладан ташқари баъзи қурултой қатнашувчилари ижтимоий тармоқларда тадбирдан суратлар ва қисқа матн жойлаштирилди. У ҳам турли сабабларга кўра олиб ташланди.

Ошкоралик – ишонч ва тараққиёт гарови

Ўтказилган қурултой ташкилотчилари, ҳеч бўлмаганда бир вароқлик маълумот, русча айтганда, пресс-релизга тадбир суратларларини илова қилиб, республикадаги қирғиз ва рус тилларида чиқадиган ОАВларига юборса, улар бу ҳақда ўз саҳифаларида маълумот чоп қилишган бўларди. Ҳаттоки, тадбирни телевидениеда ҳам ёритиб, республика аҳолисига маълумот етказиш мумкин эди. Агар хоҳиш бўлганда.

Бу эса ўз навбатида республикада сони жиҳатидан иккинчи ўринни эгаллаган ўзбекларнинг маданий маркази фаолияти, унинг эзгу мақсадлари ҳақида бошқа миллат вакилларигаям маълумот бериб, марказ ишининг ривожланишига туртки бўлган бўларди. Афсус…

Айнан мана шу ёпиқлик, марказ фаолияти ва умуман ўзбеклар ҳаётидан маълумотлар берилмаслиги сабаб, бу ташкилот ва айрим ҳолларда миллатимиз ҳақида ҳам айрим одамларда нотўғри тушунча ва гаплар юради. Айниқса, 2010 йилги воқеалардан кейин марказнинг салбий образи янада кучайди. Унинг фаолиятига бошқалар эмас, ўзбеклар ҳам шубҳа билан, хавфсираш билан қарай бошладилар.

Тор доирада ўтказилган қурултой ҳақида ижтимой тармоқда хабар ёйинланганидан кейин, унга қатор ўзбек жамоатчилиги вакиллари эътироз билдирмоқда. Бу жуда ўринли. Чунки, Қирғизистонда яшаётган ҳар бир ўзбек, миллат вакили ўлароқ марказ фаолиятида иштироқ этиш ва уни назорат қилишга ҳақли эканини унутмаслигимиз керак.

“Миллий марказнинг келажак режалари, ишлаш тартиби бўйича қаердан ўқисак бўларкин? Қандай режалари бор? Нимани қойилатишади? Қирғизистондаги ўзбеклар номидан гапириш учун унга муносиб бўла олишадими? Қурултойни Иссиқкўлда эмас, Ўшда ўтказишса нима бўларди? Ўшнинг ҳавоси иссиқлик қилдимикин?”, дея савол узатади ўшлик Ҳамидулло Узоқов.

Ўттиз икки йиллик тарихга эга бўлган республика Ўзбек миллий-маданий маркази вилоятлардаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда бажарилган ишлар бўйича очиқ қурултойда ҳисобот бериш ўрнига, яширин тадбир ўтказгани, ўзбеклар орасида “бундай ёпиқ миллий маданий-марказнинг кераги борми”, деган ҳақли саволни кун тартибига олиб чиқди.

Миллатдошимиз Ханифахан Эргашова фақат қоғозда мавжуд Ўзбек миллий маркази керак эмас, деб ҳисоблайди. “Ҳеч ким бу марказдан ёрдам олдим деб айтаолмайди”, дейди у.

“Ўшда, халқ ичида, миллий марказ ҳақида сўраб кўриларчи, қанча одам билар экан уни? У ўзи нима, бизда борми шундай марказ, деб ҳайрон қолишмаса. Ҳамма Россиянинг консуллигини яхши билади, аммо, миллий марказ борлигини билмайди”, дейди Мухаммаддиёр исмли юртдошимиз.

Аҳолиси етти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистонда бугун норасмий маълумотларга кўра бир миллиондан ортиқ ўзбек яшайди. Сони жиҳатидан републикада иккинчи ўринни эгаллаган ўзбеклар туб аҳоли ҳисобланади. Бир пайтлар бу давлат раҳбарияти даражасида эътироф этилган. Лекин ҳозир яна ўзбекларга нисбатан “диаспора” сўзи қўллана бошлади.

Жамоатчи фаоллардан Акмал Ортиқов Қирғизистонда ўзбекларнинг миллий маркази бўлиши нотўғри эканлигини айтади.

“Мен миллий марказга каршиман. Бу марказнинг бўлиши ўзбекларнинг диаспора эканлигини тан олиш, дегани. Диаспора эса, “бошқа мамлакатдан келган”, дегани. Биз ундай эмасмиз”, дейди у.

Сони йўқ… Сифати ҳам

Бугунги кунда Қирғизистонда республика Ўзбек миллий-маданий марказидан ташқари, Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида ҳам турли номланишдаги маданий марказлар мавжуд. Уларнинг сони қанча эканлиги ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Бири бирига боғлиқ бўлмаган бундай ташкилотлар сони таҳминан ўнга бориб қолди. Агар унданам ошиб кетмаган бўлса.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази қурултойи ҳам тор доирада ўтказилиб, марказни 10 йилдан ортиқ бошқарган Рашидхон Ходжаев ўрнига, янги раис этиб, шаҳар кенгаши депутати Алмаз Иминов тайинлангани маълум бўлган. Бу сафар ҳам ташкилотчилар бир гуруҳ “фаоллардан” бошқа ўзбеклар фикрини эшитишни исташмаган.

Қурултой ўтказилгани ҳақида маълумот ижтимоий тармоқларда ёйинланганидан кейин, қатор ўзбек фаоллари ўз норозиликларини билдиришган. “Нега қурултой ўтказилиши тўғрисида аввал эълон қилинмади? Нима учун унга бизни чақиришмади? Марказ нима иш қилиши, уни ким бошқаришини билишимиз керак…” каби масалалар қўйишган.

Ўшдаги Ўзбек миллий-маданий маркази раислигига маълум шахсларни тайинлаш масаласи сўнгги икки йилда турли давраларда айтилиб келинаётган эди. Албатта, унинг ортида манфаатдор одамлар тургани сир эмас.

Декабрда ҳуфёна ўтказилган қурултойда раиснинг тайинланишидан сўнг қарши тараф жиғибийрон бўлиб, ўзларининг йиғинини ўтказган. Улар ҳам ўз номзодини тайинлашга ҳаракат қилишган. Бироқ, йиғин давомида ўзаро фикр алмашувлардан кейин янги тайинланган Алмаз Иминовнинг ишлашига имкон беришга, ўзаро бир қарорга келиб, ҳамкорликда ишлашга келишилган.

Сайлов эмас, балки тайинлов  

Марказ ҳақида сўз кетганда сайлов ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Сабаби, адолат йўқ жойда қандай сайлов бўлиши мумкин? Шу кунгача ўтказилган барча қурултойларда асосан аввалдан келишилган шахслар тайинланиб келган. Шунинг учун буни тайинлов деб айтамиз.

Республика Ўзбек миллий маданий марказининг Чўлпонотадаги қурултойига, беш ой аввал тайинланган Ўш Ўзбек миллий маданий марказининг янги раиси Алмаз Иминов ва унга ҳайриҳоҳ фаоллар эмас, балки унга мухолиф тараф вакиллари қатнашган. Буни ўз рақибидан очиқдан – очиқ ўч олиш дейиш мумкин.

Табиийки, бундан норози бўлган иккинчи томон Ўшда йиғин ўтказиб, Қирғизистон халқи ассамблеясига шикоят аризасини йўллаган. Яъни, марказ бирлаштирувчи эмас, аксинча жамоатчиликни бўлувчи, уни тарқоқлаштирувчи куч сифатида намоён бўлган.

“Марказ атрофидаги ўйинлар бошлангани рост. Фақат Ўшда эмас, Бишкекда ҳам. Охири бахайр бўлсин”, дейди ўшлик фаол, йиғин қатнашувчиси Муҳаммадамин Исмоилов.

Миллатдошларимиз орасида миллий-маданий марказ фаолияти ва унинг раҳбарларини танқид қилавермасдан, унга ёрдам ҳам бериш керак, деб ҳисоблайдиганлар ам йўқ эмас.

Жамоатчи фаоллардан Наргиза Кўчқорованинг фикрича, Миллий-маданий марказ деган сўз бирикмасининг ўзи “жуда кучли ва жарангдор” эшитилади ва “ўзида жуда катта маънони яширган”.

“Ҳар биримиз бефарқ бўлмаслигингиз керак. Оғиздан ҳар хил сўз чиқади. Гап экан деб, фикримизни ёзишдан олдин бир ўйланиб кўрайлик. Биз ўзимиз киммиз ва шу марказга қандай ёрдам қилдик,” – дейди Наргиза Кўчқорова. – Милатимиз вакиллари томонидан қилинган ишлар жуда ҳам кўп, лекин улардан ҳаммамиз ҳам бохабар эмасмиз. Марказни ҳеч бир сиёсий партияга аъзо бўлмаган инсон бошқариши керак. Крилов ёзгандай, «Оққуш, чўртанбалиқ, қисқичбақа бўлмайлик”, дейди Наргиза.

Дарҳақиқат, Қирғизистон ҳаётидаги энг оғир синовли кунларда миллатдошларимиз четда қараб турмайди. Масалан, 2021 йилнинг апрелида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қонли можародан талофат кўрган оилаларга ўшлик ўзбеклар ўнга яқин юк машинасида инсонпарварлик ёрдами юборган.

 

Махаллий ўзбек ишбилармонлари ва оддий одамлар қарийб $25 минг доллар маблағ йиғиб, дори-дармонлар, шахсий гигиена воситалари, совун ва ювиш воситалари, бир марталик идиш-товоқлар, болалар ва катталар учун пойабзал, матраслар, ёстиқлар, адёл, шунингдек, узоқ сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари – дон, макарон, ун, шакар, сариёғ, консервалар, чой сотиб олиб, Боткен вилоятидаги марказий штабга етказишган.

Таҳликали 2020 йилдаги пандемия пайтида ҳам бир гуруҳ ўшлик ўзбек тадбиркорлари тиббий жиҳозлар ва тез ёрдам машинасини сотиб олиб, махаллий шифохонага беришган. Бишкекда, бошқа вилотяларда яшаган миллатдошларимиз ҳам ҳар икки ҳолатда ва бошқа пайтларда ҳам ватанпарварлик, инсонпарварлик ва оамийлик намуналарини кўрсатиб келишган. Лекин бу вазиятларда айрим ташкилотларни ҳисобга олмаганда, республика ва вилоятлардаги марказларнинг нима иш қилгани мавҳум қолиб кетаверган.

Шу сабабдан бўлса керак, айрим нусхалар, “ўзбеклар, бошқа миллатлар қани, нега улар мамлакатга халқимизга ёрдам бермайди?” деган саволлар билан чиқишган. Шундан кейин ўзбек жамоатчилиги вакиллари Боткенга кўрсатилган ёрдам, пандемия даврида қилинган хайрия ишлари ҳақида журналистларга маълумотлар беришган.

Хулоса қилиб айтганда, миллий-маданий марказларимиз асосан сайловлар пайтида эсланади, у ёки бу номзод учун ишлаб қўйиб, сайловдан сўнг яна беш йилга “дам олишга” чиқади. Сайловлар олдидан берилган ваъдалар эса, одатга кўра, тез орада унутилади.

Марказлар тарихига бир назар   

Дастлаб Ўзбек миллий маданият маркази Ўшда 1991 йилнинг апрел ойида ташкил этилган бўлиб, унга илк бор журналист ва ёзувчи Мирзоҳид Мирзараҳимов президент этиб сайланган. 1993-1994 йилларда марказга Ўш вилояти “Ленин йўли” газетаси бош муҳаррири Одилжон Обидов, 1994 йилнинг ноябридан эса Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати Даврон Собиров раҳбарлик қилган. Кейинчалик марказ номи “Ўзбеклар жамияти” деб ўзгартирилган.

Сўнгра 1997 йилнинг 20 ноябрида туман ва шаҳарлардан келган 153 нафар делегат иштирокида таъсис конференцияси ўтказилиб, Ўш вилояти ўзбек миллий-маданий маркази ташкил этилган. Унга Қирғиз-Ўзбек университети ректори, академик Маҳамаджон Мамасаидов раҳбар этиб сайланган.

Ўша йилнинг 26 декабрида Бишкек шаҳрида қурултой ўтказилиб, республика Ўзбек миллий-маданий маркази тузилган ва Маҳамаджон Мамасаидов унинг президенти этиб сайланган. У бир вақтнинг ўзида ҳам Ўш вилояти, ҳам республика ўзбек миллий-маданий марказларига раҳбарлик қила бошлайди.

Мамасаидов ўз фаолларидан Бахтиёр Фаттохов, Алишер Собиров, Бўрибой Жўраев, Ҳулкарпоша Собирова, Арофатхон Олимжонова ва бошқалар билан марказнинг шаклланиши ва ривожланишига, Қирғизистон халқларининг дўстлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлашга, умумтаълим мактаблари учун ўқув-услубий қўлланмалар яратишга, ўзбек миллатининг урф-одатлари ва анъаналари, миллатлараро муносабатлар муаммоларига ечим излаш ва қўшни давлатлар билан қардошлик алоқаларини ривожлантиришга эътибор қаратганини айтиб келади. Бироқ, қачон ва қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Марказ раҳбариятидан норозилик кучайиб боравергач, 2008 йилда Ўшда ўтган қурултойда республика Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарлигига таниқли ишбилармон Жалолиддин Салоҳиддинов сайланади. 2010 йилнинг июнидаги миллий низодан кейин ташкилотга вақтинчалик раҳбарлик қилиш Бахтиёр Фаттоховга топширилган.

Бу орада марказлар фаолияти деярли тўхтаб қолган. 2018 йилда Қирғизистон Жўғўрқу  Кенешининг собиқ депутати, СССР спорт устаси ва Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Бахтиёр Қодиров республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти этиб сайланган. Мунозарага сабаб бўлган Чўлпонота қурултойида у ушбу лавозимга қайта сайланди.

Афсуски, ўтган йилларда Ўшда ҳам, Жалолободда ҳам турли хил ва номдаги, бири юирига боғлиқ бўлмаган, аксинча, бири-бирини рақобатчи ҳисоблаган ташкилотлар сони кўпайиб кетди. Уларнинг асосий фаолияти эса, асосан сайловларга қаратилди. Турли номзодларни қўллаш баробарида ўзаро келишмовчилик пайдо бўлди. Миллат, ёшлар, ватан равнақи йўлида бажарилиши лозим бўлган ишлар четда қолиб, ўзаро тортишув, ғийбат ва ҳатто фитналар кучайди.

Охирги пайтларда марказларнинг обрўси шу қадар тушиб кетдики, энди уларнинг раҳбарларини сайловларда ишлаш учун ҳам деярли таклиф қилмай қўйишди.

Албатта, марказларнинг ҳам бири имкон даражасида кўплаган яхши ишларни ҳам амалга оширишди. Лекин афсус, бу ишлар бўйича маълумотларни ҳозир очиқ манбалардан топишнинг имкони йўқ. Оддий фаоллари жон куйдираётган, раҳбарлари мавқе талашган, номи улуғ, супраси қуруқ марказлар фаолияти энди фақат қоғозларда “чиройли” ҳисобот ёзиш билан чекланиб қолаётгандек…

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ