Садир Жапаров чорва молларига солиқ жорий этилишини қўллаб-қувватламаслигини билдирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров депутат Женишбек Токторбоев таклиф қилган чорва молларига солиқ жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков Facebookдаги саҳифасида ёзди.

Унинг қайд этишича, қонун лойиҳаси жамиятда норозилик уйғотган. Айрим фуқаролар Токторбоевнинг бу баёнотини мамлакат расмийларининг позицияси деб баҳоладилар.

– Президентнинг 2022 йил апрелдаги фармони билан қишлоқ хўжалиги ерлари уч йил муддатга солиқ тўлашдан озод этилди. Бу муддат тугагач, масала яна кўриб чиқилади. Садир Жапаров фермер ва деҳқонларга қулай шароит яратиб бериш тарафдори. У чорва учун солиқ жорий этилишини қўллаб-қувватламайди”, деб ёзади Дайирбек Ўрунбеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жогорку Кенеш йиғилишида депутат Женишбек Токторбоев чорва молларига солиқ жорий этишни таклиф қилган эди. У эълон қилган статистик маълумотларга кўра, жорий йил бюджетида тенглаштириш грантлари кўринишида 1 миллиард 452 миллион сом ажратилган.

Молиявий аҳволни яхшилаш ва субсидиялар нархини пасайтириш учун депутат бир қатор таклифлар билан чиқди, жумладан, чорва молларидан солиқ ундириш таклифини ҳам билдирди. Қирғизистонда, унинг сўзларига кўра, 2 миллионга яқин қорамол, 700 минг от ва 8 миллиондан ортиқ қўй бор.

Қишлоқларда турмуш даражаси анча юқори бўлгани учун халқ депутати қишлоқ аҳолисидан ҳар бир қўй учун 100 сомдан, қорамол ва от учун эса 250 сомдан ундиришни таклиф қилди. Натижада эса, маҳаллий ҳукумат йилига 1,5 миллиард сомгача маблағ йиғиш имконига эга бўлади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ