Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 17 май куни Чуйнинг Иссиқ-Ота тумани Дмитриевка қишлоғида террорчиликда гумон қилинган қуролланган шахс ўлдирилгани ҳақида хабар берди.
Муассаса матбуот хизмати хабарига кўра, вазирлик ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг махсус бўлинмалари ходимлари томонидан террорчиликда гумон қилинган шахсни қўлга олиш бўйича тезкор тадбир ўтказилган. Қўлга олиш чоғида гумонланувчи қуролли қаршилик кўрсатган.
Воқеа жойига Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлари жўнаб кетган. Ҳозирда тергов гуруҳи ишламоқда. Махсус операция бўйича қўшимча маълумот берилади.
Ижтимоий тармоқларда отишма акс этган видеолар тарқалмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки нафар ҳуқуқ-тартибот ходими жароҳатлангани, улардан бири Миллий госпиталга етказилгани ҳақида хабар берди.