Милиция Ўш шаҳрида қўлга олинган жиноий гуруҳ аъзоларидан кўп миқдорда қурол-яроғ топилганини маълум қилди. Расмий маълумотга кўра, икки кун аввал Қорасув туманида пул айирбошлаш шохобчасини тўнаб, автомобилга ўқ узган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Ҳар икки жиноят катта миқдорда пул олиш мақсадида содир этилган. Милиция қўлга олинганлар орасида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги, гумонланувчиларнинг яшаш жойини кўздан кечириш чоғида кўп миқдордаги ўқотар қуроллар, жумладан автоматлар, снайпер милтиқлари, автоматлар, тўппончалар, ўқ-дорилар, гранаталар топилганини маълум қилди. Холат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган.
«Қўлга олинганлар орасида аёллар ҳам бор. Ўзбекистон фуқароси, Наманган вилоятида яшовчи, 1987-йилда туғилган У.С. аёл Қирғизистонда ноқонуний яшаб келган. Дастлабки маълумотларга кўра, у бир неча марта Тожикистон орқали мамлакатга кирган. Шунингдек, аёл жиноий гуруҳ аъзоларидан бирининг рафиқаси экани ва бошқа бировнинг ҳужжатидан фойдаланиб келгани ҳам аниқланди. Текширув давомида унинг уйидан Қирғизистоннинг 37 ёшли фуқароси номига берилган паспорт топилди”, дейилади милиция баёнотида.
Юқоридаги холат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Март ойида махсус хизмат Ўш шаҳрининг “Амир-Темур” кичик шаҳарчасининг жанубида қурол ва ўқ-дорилар сақланадиган махфий жой топилганини маълум қилган.