Мирзиёевнинг президентлик муддатини узайтириши кутилаётган референдум «бўлиб ўтди»

30 апрель куни мамлакатдаги сайлов участкаларида янги таҳрирдаги конституция бўйича умумхалқ референдумида овоз берилди. Референдумда овоз берганлар улуши 17:00 ҳолатига 81,39 фоизга етди, дея маълум қилди МСК вакили Баҳром Қўчқоров.

65 фоизга ўзгараётгани айтилган конституция 65 яшар президент Шавкат Мирзиёевнинг 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очади.

Ўтган йили Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган ва март ойида депутатлар томонидан маъқулланган конституцияга ўзгартиришлар киритилиши қаттиқ назорат остидаги собиқ совет республикаси сайловчиларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланиши кутилмоқда.

Мирзиёевнинг амалдаги ваколати 2026 йилда тугайди. Тузатишлар, президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтиради. Ўзбекистон қонунчиларига кўра, ўзгартиришлар конституциянинг тахминан учдан икки қисмини ўзгартиради.

Таклиф этилаётган тузатишлар дастлаб мамлакатнинг Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг ажралиб чиқиш ҳуқуқини бекор қилишни ўз ичига олган эди.

Бироқ 2022 йил июл ойи бошида минглаб қорақалпоқлар минтақанинг Ўзбекистондан мустақилликка интилиш ҳуқуқининг йўқ қилинишига қарши норозилик намойиши ўтказгач, Мирзиёев Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш ғоясидан воз кечган.

Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, Қорақалпоғистонда хавфсизлик кучлари томонидан намойишлар тарқатиб юборилганида 21 киши ҳалок бўлган. Кейинчалик митингларнинг ўнлаб иштирокчилари конституциявий тузумни бузиш йўли билан ҳокимиятни эгаллашга уринганлик, оммавий тартибсизликлар уюштирганлик, давлат маблағларини ўғирлаш ва пул ювишда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Референдум мустақил Ўзбекистон тарихидаги учинчи референдумдир.

2016-йилда вафот этган Мирзиёевдан аввалги авторитар биринчи президент Ислом Каримов 1995 ва 2002-йилларда икки марта референдум ўтказган ва бу унга ҳокимиятни сайловларсиз узайтириш имконини берган. Президентлик муддати ҳам ўзгартирилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ