Ўшда қидирувдаги Кароматхон Абдуллаева қўлга олинди

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, Кароматхон Абдуллаева 2010 йилнинг июнидаги воқеаларга гумонланиб ҳибсга олинган. Унда айтилишича, аввалроқ қидирувда бўлган Абдуллаева Миллий хавфсизлик қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар асосида 22 апрел куни қўлга олинган.

«Кароматхон Абдуллаева Ўш шаҳар милициясининг вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб кирилди. У 2010 йилдаги Ўш воқеалари ташкилотчиларидан бири сифатида қидирувда эди. Абдуллаева 2014 йилда сиртдан 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Батафсил маълумот кейинроқ берилади», дейилади баёнотда.

«Узпресс» манбасига кўра, Кароматхон Абдуллаева, 20 апрел куни Ўзбекистондан келиб «Дўстлик» чегарасини кесиб ўтаётганда қўлга олинган. 24 апрелда Жалолободдаги аёллар қамоқхонасига олиб кетилган. 

Абдуллаева 2010 йилгача Ўшдаги ўзбек миллий-маданий маркази масъул котиби бўлган.

Миллий ҳавфсизлик хизмати 2021 йилда, 2010 йилдаги Муваққат ҳукумат аъзоларига нисбатан июн воқеалари бўйича қўзғатилган жиноий иш қайта текширилганини хабар қилган. Маълум қилинишича, жиноий иш тартибсизлик ташкилотчиларидан бири экани айтилаётган Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан чиқиб кетиши билан боғлиқ. Ундан аввал президент Садир Жапаров махсус хизматга июн воқеалари материалларини қайтадан текширишни буюрган.

Жиноий иш доирасида 20га яқин сиёсатчи сўроқ қилинган. Улар орасида 2010 йилда мамлакатни бошқарган Муваққат ҳукумат аъзолари ҳам бор.

Мазкур иш доирасида президент Садир Жапаров ва махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам сўроққа олинган.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилдаги июнида юз берган Ўшдаги қонли воқеалар натижада 446 киши ҳалок бўлган, 2000га яқин киши турли даражада тан жароҳати олган. Воқеа давомида 57 киши бедарак йўқолган, уларнинг 15 дан ортиғи ҳозиргача топилмаган.

2011 йилда Абдиғани Эркебоев бошчилигидаги Миллий комиссия тартибсизликлар бўйича текширув ўтказган ва “Қодиржон Ботиров бошчилигидаги сепаратистик кучлар, мамлакатни тарк этган ўша пайтдаги президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари ва вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор ташқи кучлар қуролли хунрезлик учун масъул” деган хулосага келган.

Қодиржон Ботиров 2018 йилнинг 4 декабрида Украинанинг Одесса вилоятида вафот этган. Қурманбек Бакиев айни дамда Беларусда яшайди.

 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ