1-сонли мактаб-интернатдаги жанжал. Бишкек ҳокимлиги вазиятга ойдинлик киритди

Бишкекдаги 1-сонли гимназия-интернати ходимлари бутунлай ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов маълум қилди.

Байсалов бу воқеаларни «фавқулодда ҳолат» деб атади ва ҳар қандай вазиятда болаларнинг намойишларда иштирокини қоралади.

“Мактабнинг бутун жамоаси ишдан олинди. Биз уларни бошқа мактабларга ажратиб, иш билан таъминламоқчи эдик, аммо бу фавқулодда вазиятдан кейин ҳамма ходим ишдан бўшатилди. Мактаб қолади, болаларга янги ўқитувчилар дарс беради. Шунингдек, болаларни можарога жалб қилган қўзғатувчиларни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли идораларга топшириқ бердик”, — деди Байсалов.

Ушбу маълумотни Бишкек таълим бошқармаси бошлиғи Айнура Арстамбекова ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ишдан бўшатилган ўқитувчилар ўрнига аллақачон бошқа ўқитувчилар ишга олинган.

“Уқувчилар билан митингга чиққан 40 га яқин ўқитувчи ишдан бўшатилди”, – деди Арстамбекова.

17 апрель куни ижтимоий тармоқларда Бишкекдаги 1-сонли мактаб-интернат олдида ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг митинги акс этган видео тарқалди. Улар таълим муассасасининг аввалги раҳбарини бу лавозимда қолдиришни талаб қилишди. 15 апрель куни ушбу гимназия ходимлари мамлакат раҳбариятига мурожаат йўллаб, таълим бўлими уларни ишдан бўшатишга мажбурлаётгани ҳақида маълум қилди.

Бишкек ҳокимлиги, ўз навбатида, идоралараро комиссия гимназия фаолиятини текшириб, қонунбузарликлар аниқланганини маълум қилди. Шунингдек, 1-сонли мактаб-интернатни 71-сонли мактаб-интернатга қўшиб қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилинди.

Бу масала 18 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ҳам муҳокама қилинди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ