Бишкек шаҳар суди адвокат Бақтибек Жумашевнинг туманда митинглар ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги Первомай туман судининг қарори устидан берган шикоятини кўриб чиқишни рад этди. Бу ҳақда Жумашев Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.
Жумашевга кўра, у 3 апрель куни суд пойтахтнинг Первомай тумани маъмуриятининг тинч йиғилишлар ўтказишни чеклаш ҳақидаги қарорини қонуний, деб тан олгани хақида янгиликлар орқали билган. Адвокатга кўра, у эртаси куни суд қароридан нусха олиш учун ариза берган, 5 апрель куни ҳужжатни олган ва 6 апрель куни туман судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида апелляция берган.
Унга кўра, судьялар ҳайъати адвокатнинг апелляция бериш учун 24 соатлик муддатга риоя қилмаганига ишора қилган. Жумашев ўз навбатида суд буни “ноқулай вазиятдан чиқиш учун атай қилган” деб ҳисоблайди.
Адвокат шаҳар судининг қарори устидан Олий судга шикоят қилишини қўшимча қилди.
Бишкек марказида митинглар ўтказишни тақиқлашга 2022 йилнинг март ойида қарор қилинган эди. Бишкекнинг Первомайский туман суди сўнгги қарорига кўра, тақиқ 1 июлгача амал қилади.
Унга кўра, Ала-Тоо майдонида, Жогорку Кенеш, Президент маъмурияти, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Олий суд бинолари, Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси, Панфилов боғи бинолари яқинида йиғилишлар ўтказиш тақиқланади.
Фуқаролар акцияларни фақат М.Горкий майдони ҳудудида ўтказишлари мумкин. Юқоридаги чекловлар давлат ва ҳокимятнинг расмий тадбирларига тааллуқли эмас.
Омбудсман Атир Абдраҳматова митинглар ўтказиш тақиқланганини изоҳлар экан, суд қарорини асоссиз деб атади. Унинг қайд этишича, бу қарор Конституция ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зиддир. Бу каби қарорлар мамлакатни жаҳон ҳамжамияти олдида обрўсизлантиради.