Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қирғизистондан пиёз экспортига қўйилган тақиқни бекор қилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси тайёрланди.
Бундай қадам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида қабул қилинди, дея хабар беради бошқарма матбуот хизмати.
Вазирлар маҳкамаси 1 февралдан бошлаб пиёз экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилди. Сўнгра қарор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, пиёз ва бошқа янги ёки сақланган сабзавотлар нархини ушлаб туриш билан изоҳланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистондан пиёз экспорти ҳам уч ойга тўхтатилган эди, бу мамлакатдан пиёз оммавий экспорт қилинишининг олдини олиш ва унинг нархини барқарорлаштириш мақсадида қилинди.
“Учинчи давлатларнинг қозоқ пиёзига бўлган кескин талаби Осиё ва дунёдаги энг йирик пиёз ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Покистондаги табиий офатлар билан боғлиқ. Бу мамлакатдаги сув тошқинлари жаҳон миқёсида пиёз нархининг ошишига, жумладан, республикамиз бозорида ҳам сабаб бўлди”, — дея тушунтирди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Тожикистон ҳукумати аввалроқ пиёз, картошка ва сабзи хорижга экспорт қилишни ҳам тақиқлаган эди. Бу қарор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг ошиши фонида қабул қилинган ва расмийларга кўра, у “бозор барқарорлашгунча” давом этади.