Бишкекда Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганининг йиллиги муносабати билан ўтказилган намойиш иштирокчилари қўлга олинди

Бишкекдаги Дуб боғида полициячилар Украинада уруш бошланганининг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган митингда қатнашган етти кишини қўлга олди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдирасулова хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар Первомай тумани ички ишлар бўлимида.

Озодлик таҳририятига Бишкекда бўлган Россия фуқароси Станислав Захаркин ҳам мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, унинг беш нафар дўсти Дуб боғида урушга қарши митинг ўтказгани учун полиция томонидан ҳибсга олинган.

“Соат 11:00 атрофида бир дўстим қўнғироқ қилиб, уларни ушлаб, Первомайский ИИБга олиб боришаётганини айтди. Улар Украинадаги урушнинг бир йиллиги муносабати билан гул қўйишлари керак эди. Уларнинг мобил телефонлари ҳам олиб кетилган”, — деди Захаркин.

Первомайский тумани ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Озодликка кейинроқ намойишчиларнинг ҳибсга олинишига изоҳ беришларини айтди.

Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2022 йилнинг 24 февралида Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлади. Россия «махсус операция» деб атаган уруш ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди, миллионлаб одамларнинг тақдирини бузди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ