Собиқ президентлар учрашувида кимлар иштирок этгани маълум бўлди.
Давлат раҳбари Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Қирғизистон собиқ президентлари учрашувида кимлар иштирок этганига ойдинлик киритди.
Унинг Файсбукдаги саҳифасидаги маълумотга кўра, учрашувда Асқар Ақаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбеков иштирок этган.
“Учрашув маълум сабабларга кўра нейтрал жойда бўлиб ўтди”, деб ёзади Султанбаев.
Азаттиқнинг ишончли манбаларига кўра, учрашув Дубайда бўлиб ўтган.
Бунгача президент Садир Жапаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида собиқ президентларнинг бошларини бириктириб, уларни бир дастурхонга йиққанини ёзган. Бу иш халқ бирлиги учун қилингани ва ташаббус мамлакатнинг собиқ раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланганини таъкидлаган.
“Мақсадим ҳам шундай эди. Ҳар бир президент тарафдорлари, етти вилоятимиз аҳли бир йўналишга эътибор қаратиб, сиёсатни ташлаб, бир нафасда иқтисодни, миллатни ривожлантиришини ўйлаш эди”, — дейди Жапаров.
Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатни олтинчи президент бошқариб келмоқда. Амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровга қадар Қирғизистонни Асқар Ақаев (1991-2005), Қурманбек Бакиев (2005-2010), Роза Отунбаева (2010-2011), Алмазбек Атамбаев (2011-2017), Сооронбай Жээнбеков (2017-2020) бошқарган.
14 феврал куни қамоқдан чиққан Алмазбек Атамбаев 15 феврал куни даволаниш учун Дубай орқали Испанияга учиб кетган.
Собиқ президент Қурманбек Бакиев 2010 йил апрел инқилобидан кейин оиласи билан Беларусга жўнаб кетган ва шу кунгача Минскда яшайди.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбоева ўтган йилнинг сентябрь ойида БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ва ташкилотнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари этиб тайинланган эди.
Сооронбай Жээнбеков Бишкекда экани айтилади.