Қирғизистон ва Тожикистон 17,66 км чегаранинг лойиҳа тавсифини якунлади

1-6 декабрь кунлари Боткен шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари топографик ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, томонлар “умумий узунлиги 17,66 км бўлган Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараси чизиғи ўтиш йўлининг лойиҳа тавсифини ниҳоясига етказган”.

Шунингдек, йиғилиш давомида 2023 йилга мўлжалланган учрашувлар жадвали келишиб олинди. Топографик гуруҳларнинг навбатдаги йиғилиши Тожикистон ҳудудида бўлиб ўтади.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубоев Азаттик нашрига 17,66 километрлик чегара масаласи топографик гуруҳлар даражасида ҳал этилганини тушунтирди. Унга кўра, мазкур чегара участкалари асосан Лейлек вилояти ҳудудида жойлашган.

Ноябрь ойида президент Садир Жапаров янги йил олдидан мамлакат раҳбарияти Тожикистон билан чегара муаммоларини ҳал қилишни режалаштираётганини айтган эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам Тожикистон билан чегараларни аниқлаштириш бўйича музокаралар бориши ҳақида маълум қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 970 километр бўлиб, шу кунгача шундан атиги 519 км. делимитация ва демаркация қилинган, қолган қисми баҳслилигича қолмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ