HRW Қирғизистон ҳукуматини ННТлар ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирмоқда

Инсон ҳуқуқлари бўйича Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилоти Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган “Нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан баёнот берди. Бу ҳақда ташкилот сайтида эълон қилинган.

Баёнотда айтилишича, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятига нисбатан таклиф қилинаётган чекловлар расмийлар улардан баъзи ташкилотларни ёпиш учун фойдаланиши мумкинлигидан хавотир уйғотади.

“Қирғизистон ўзининг фаол фуқаролик жамияти билан танилган ва юксак қадрланади. Қирғизистон ҳукумати фуқаролик жамияти фаолиятини чеклаш бўйича бу режаларидан воз кечиб, ўз ўрнига уюшмалар эркинлигини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариши керак”, – дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сийнат Султоналиева.

Ташкилот, шунингдек, “қонун лойиҳасининг киритилиши Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият жиддий ёмонлашгани фонида содир бўлаётганини” таъкидлади.

Аввалроқ Қирғизистон Омбудсмани Атир Абдраҳматова ННТлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий хулоса олиш учун ЕХҲТ/ДИИҲБ ва “Қонун орқали демократия учун Европа комиссияси” (Венеция комиссияси)га мурожаат қилгани маълум бўлган эди. Омбудсман институти “таклиф этилаётган қонун лойиҳаси Конституцияга, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга зид, асоссиз ва норма ижодкорлиги тамойилларига мос келмайди”, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари президент Садир Жапаровга қонун лойиҳасини қайтариб олишни сўраб мурожаат қилди.

Ноябрь ойи бошида президент маъмурияти “Нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Ҳужжатга кўра, ННТлар рўйхатини шакллантириш, “хорижий нодавлат ташкилот” тушунчасини жорий этиш ва ННТларни назорат қилиш бўйича давлат ваколатларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ