Ўзбекистонликлар Ўшдаги таксичилар устидан Қирғизистон расмийларига шикоят қилмоқда

Ўзбекистоннинг айрим фуқаролари Ўш шаҳрида такси ҳайдовчиларининг қилмишларидан Қирғизистон расмийларига шикоят қилди.

2 август куни Телеграм каналларида тарқалган мурожаатда Россиядан Ўшга келаётган Ўзбекистон фуқароларини таксичилар “машинага мажбуран ўтқазиб, 5-6 километр масофани босиб ўтиш учун 500 сом (тахминан 6 доллар) тўлашга мажбурланаётгани айтилади.

Аввалроқ ўзбекистонликлар ҳам айрим ҳолларда такси ҳайдовчиларига ҳар бирига 5 минг сомдан тўлашлари кераклигини таъкидлаб, Озодликка мурожаат қилган эди. Бу масала ижтимоий тармоқларда тез-тез муҳокама қилинади.

Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбоевнинг Озодлик мухбирига айтишича, сўнгги уч йил ичида такси ҳайдовчилари масаласи кўтарилган. Унга кўра, жорий йил бошидан буён ижтимоий тармоқлар орқали 15 та мурожаат келиб тушган.

“Аммо интернет орқали мурожаат қилаётган чет эл фуқаролари таксичиларнинг ҳуқуқбузарликларини исботловчи фактларни келтирмайди. Буни текшириш мумкин эмаслиги сабабли, у оддий сўзлар деб ҳисобланади. Шунинг учун тушунтириш ишлари билан чекланиб қолишимиз мумкин”, – дейди Аширбоев.

Унинг қўшимча қилишича, такси ҳайдовчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига дуч келган фуқаролар зудлик билан полицияга мурожаат қилишлари керак.

Ўзбекистон фуқароларининг катта қисми Россияга учиб кетишади ёки у ердан авиачипталар арзонлиги туфайли Ўш шаҳри орқали ўз ватанларига қайтишади.

Ўтган йили қўшни давлат фуқаролари чегарани кесиб ўтишда Қирғизистон Республикаси ҳарбий хизматчиларининг товламачилигидан шикоят қилиб, Қирғизистон расмийларига мурожаат қилган эди. Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати бунга жавобан бундай фактлар тасдиқланмаганини маълум қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ