Қирғиз-тожик чегарасида чегарачилар ўртасида отишма юз берди

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида қурол қўлланиши билан боғлиқ ҳодиса ҳақида маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, Боткен вилоятининг Булоқ-Боши ҳудудида чегара хизмати қўшни давлат чегарачилари шартли чегарани кесиб ўтаётганини аниқлаган.

«Қирғизистон Республикаси чегарачиларининг ҳудудни тарк этиш ҳақидаги қонуний талабларига эътибор бермай, тожик чегарачилари қирғизистонлик ҳарбий хизматчиларга қарата ўт очди. Икки давлат чегара қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлиб, тожик томони миномётлардан фойдаланган. Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томондан ярадорлар ва жароҳатланганлар йўқ», — дейилади Чегара хизмати хабарида.

Қайд этилишича, Қирғизистон Чегара хизмати директори ва Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони телефон орқали мулоқот қилиб, ўт очишни тўхтатишга келишиб олган, бироқ агентлик маълумотларига кўра, шунга қарамай, Тожикистон томони ўт очишни тўхтатмаяпти.

Чегара хизмати маълумотларига кўра, соат 13:00 ҳолатига кўра отишма давом этган. Тожикистон томони ҳозирча чегарадаги воқеа юзасидан изоҳ бермаган.

Аввалроқ жами 972 километрнинг 664 километри мувофиқлаштирилгани ҳақида хабар берилган бўлса, кейинроқ бу маълумотни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам такрорлади. Садир Жапаров Тожикистон билан чегарадаги муаммони «тез орада» ҳал этиш ниятида эканини маълум қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 километрга етади, уларнинг 519 километри аниқланган, қолганлари эса аниқланмаган. Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги участкалар мунозарали бўлиб қолмоқда, у ерда қишлоқлар, ҳатто баъзан икки республика аҳолисининг уйлари ҳам яқин жойда жойлашгани чегара чизиғини аниқлашни қийинлаштиради.

Ушбу ноаниқлик туфайли сув, ер ва алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун қўшни давлатлар аҳолиси ва чегарачилар ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлади. Шу билан бирга, кўпинча қурол-яроғлар қўлланилади, бу эса одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ