Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида митинг бўлиб ўтди

Ўнлаб фуқаролик жамияти фаоллари 14 апрель куни Тожикистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказди.

Намойишга чиққанлар Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни чегарадаги вазиятни кескинлаштирганликда айблаб, уни «Раҳмон сотқин» деб атади. Фаолларнинг қўлларида чегарадаги тўқнашувларда ҳалок бўлган қирғиз болаларининг суратлари ва мамлакат байроғи бўлган.

Полиция баъзи шиорларни «тажовузкор» деб атаган ва намойишчиларни бундай хабарлар учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.

Аввалроқ, 13 апрель куни президент Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги тўқнашувлар ҳақида гапирган эди. У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида мамлакатнинг демократия йўлидан оғишмаслиги, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини ёзган, бироқ қўшни давлат ҳақида турли маълумотларни ёзишдан огоҳлантирган.

«Аммо, умуман, журналистларга, ўзини блогер деб ҳисоблайдиган фуқароларимизга бир илтимосим бор. Қўшни давлатлар билан бўлган низоларда маълумот тарқатишни ва уларнинг раҳбарларини ҳақорат қилишни бас қилинг. Бу одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди. Бу билан вазиятни оғирлаштирасиз ва икки халқ ўртасида норозиликни қўзғатасиз. Ҳа, чегара масаласида муаммолар бор. 30 йилдан бери ҳал этилмаган муаммо. Бу жуда эҳтиёткорлик ва узоқни кўришни талаб қилади. Аниқлик киритилмоқда. Минглаб километрлик номаълум жойлар мавжуд. Бу вақт талаб этади. Худо хоҳласа, президентлик муддатим тугагунча бу масалани ҳал этиш ниятидаман», — деб ёзади Садир Жапаров.

Қирғиз-тожик чегарасида 12 апрель куни навбатдаги отишма содир бўлди. Қирғизистон Чегара хизмати 13 апрель оқшомида музокараларнинг учинчи босқичи бўлиб ўтганини маълум қилди. Унда Қирғизистон томонидан Чегара хизмати раҳбари Уларбек Шаршеев бошчилигидаги гуруҳ иштирок этди. Тожикистон делегациясига Чегара қўшинлари раҳбари Ражабали Раҳмонали раҳбарлик қилди.

Томонлар чегарага жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни қайтаришни давом эттириш, мазкур қарор ижросини назорат қилиш учун тегишли бошқармалардан иборат комиссия тузишга келишиб олдилар. Шунингдек, келишувга кўра, чегарачиларнинг ҳаракатланиш йўналишини аниқлаштириш учун икки давлат чегарачиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилади.

13 апрель куни Тожикистоннинг «Овчи-Калача» назорат-ўтказиш пунктида музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди, шундан сўнг томонлар ўзаро тўқнашувлар содир бўлган Лайлак туманидаги Селкан ҳудудида учрашдилар.

12 апрель куни содир бўлган отишмада олти нафар қирғизистонлик яраланган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Раззоқов номидаги умумий тиббиёт марказининг жарроҳлик бўлимида тўрт киши ётганини маълум қилди. 23 ёшли аскар сони ва товонидан яраланган. 30 ёшли фуқаро ҳам тиззасидан жароҳат олган. Уларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Яна 20 ёшли аскар тиззаси чиқиб кетган, 50 ёшли эркак эса ўнг сонидан яраланган. Иккисининг ҳам аҳволи яхши.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ