Норин туманида таркибида олтин бўлган оқ тошларни ноқонуний олиб ўтаётган фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Норин вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
16-январь куни Норин милицияси ходимлари тезкор текширув ва чорва ўғирланишининг олдини олиш тадбирини ўтказишган.
Тадбир жараёнида, тахминан тонги соат 05:50 да, Норин тумани ҳудудида УАЗ русумли автомашина тўхтатилиб, текширувдан ўтказилди.
«Натижада, Норин туманининг беш нафар фуқароси Сўлтўн-Сари яйловининг Кўл-Тўр ҳудудидан таркибида олтин бўлган учта қоп оқ тошни олиб кетаётганларида қўлга олинди», – дейди милиция.
Факт Норин ТИИБ томонидан рўйхатдан ўтказилди. Оқ тошлар экспертизаси тайинланган ва тергов олиб борилмоқда.