Ўзбекистон Республикасининг Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида яшаган 21 ёшли аёлнинг мурдаси осилган ҳолатда топилди. У 7 июнга ўтар кечаси вилоят перинатал марказида ўзини осиб қўйганлиги ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Аёл 2 июнь куни «ҳомиланинг думба билан келиши» ташхиси билан перинатал марказга қабул қилинган, шу куни соат 20:25 да кесарча кесиш йўли билан ўғил чақалоқни (тирик) дунёга келтирган. Шундан сўнг бир сутка реанимация бўлимининг интенсив палатасида сақланган, 3 июнь куни чилла бўлими палатасига олинган.
Таъкидланишича, шифокорлар томонидан унга нисбатан шафқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи ҳолатлар аниқланмаган, бироқ сўнгги вақтларда руҳиятида ўзгаришлар кузатилган. «Палатадаги беморлар уни узоқ вақт давомида бир нуқтага тикилиб қолиши, тунда туриб, нарсаларини ёйиб, қараб ўтирганлигини кўрган», — дейилади расмий ахборотда.
Ёш келин оғир, босиқ, камгап характерли 2019 йил июлида турмушга чиққан, оила аъзолари билан муносабати яхши бўлган. Ҳолат юзасидан марҳумнинг эри, отаси, онаси, қайнонаси ва яна бир гуруҳ фуқаролардан тушунтириш олинган.
У, 7 июнь куни, тахминан, соат 01:00 да «ҳожатга чиққан, ювиниб, хонада кийимларини алмаштирган». Бир оздан сўнг аёл яна ётган жойида йўқлиги маълум бўлган ва шу заҳоти навбатчи доялар томонидан ҳар бир хона кўриб чиқилган, кўп ўтмай у перинатал марказ биноларидан бирининг ертўласига кириш қисмида осилган ҳолда топилган.