«75чилар иши» бўйича суд 27 августга қолдирилди

24 август куни «75чилар иши» бўйича Бишкек шаҳар судидаги мажлис гумонланувчилардан бири Бекболот Талгарбеков судга келмагани сабабли 27 августга қолдирилди. Мазкур иш доирасида шаҳар судида гувоҳларни сўроқ қилиш бошланган эди. 17 август куни эса жараён Эмилбек Узақбаевнинг адвокати келмагани сабабли 24 августга қолдирилган.

2 июль куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди «75чилар хати» бўйича қарор чиқарган. Ишни кўриб чиққан ҳакам Азирет Медеров Камчибек Ташиев, Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Тургунбек уулу ва Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Қурманқул Зулушевни Жиноят кодексининг «Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш» моддаси бўйича айбдор деб топиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилган.

Суд шу модда бўйича жамоат арбоби Бекболот Талгарбеков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узақбаев, Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Қурманбек Дийканбаев, собиқ бош вазир ўринбосари, собиқ депутат Аали Карашев ва ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Қурсан Асановни ҳам айбдор деб топиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилган.

Судья айбланувчиларни «Хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича оқлаб, барчасига уч йиллик пробация назорати белгилаган ва айбланувчилар озодликда қолган. Ҳукмда саккиз кишининг мол-мулки давлат тасарруфига ўтказилиши ҳам қайд этилган.

Февраль ойидан бери қамоқда сақланаётган беш киши — Бекболот Талгарбеков, Эмилбек Узақбаев, Қурманбек Дийканбаев, Аали Карашев ва Қурсан Асанов суд залидан озод қилинган. Туман судининг ҳукми устидан Бишкек шаҳар судига прокуратура ва гумонланувчилар ҳам апелляция шикояти берган ва иш шаҳар судида кўриб чиқилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ