Бишкекда «Ирис-Ордо» конгресс маркази очилди

24 август куни Бишкекда «Ирис-Ордо» давлат конгресс маркази очилди. Очилиш маросимида президент Садир Жапаров, амалдаги ва собиқ давлат хизматчилари, депутатлар, сиёсатчилар, жамоат арбоблари, халқаро миссиялар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Расмий маълумотларга кўра, марказнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиб, бир вақтнинг ўзида икки мингдан зиёд кишини қабул қила олади. Мажмуада 1238 ўринли «Қурултой» конференция зали, 1000 ўринли банкет зали, 235 ўринли матбуот зали ва расмий делегациялар учун саккизта меҳмон уйи мавжуд.

Жапаров бу ерда Халқ Қурултойи йиғилишлари, давлат раҳбарларининг учрашувлари, халқаро форумлар, жумладан, ШҲТ, КХШТ, ЕОИИ ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитларини ўтказиш имконияти яратилганини айтди. «ИрИс-Ордо» тўлиқ давлат маблағлари ҳисобидан қурилган.

Очилиш маросимига келганлар орасида Жогорку Кенешнинг собиқ раиси Нурланбек Тургунбек уулу ва собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев ҳам бор эди. Иккаласи ҳам «75чилар хати» деб аталган жиноят ишида фигурант ҳисобланади.

2 июль куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди уларни ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўришда айбдор деб топиб, тўрт йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган. Бироқ уч йиллик пробация назорати белгилангани сабабли улар қамоққа олинмаган. Ҳукм устидан апелляция шикояти берилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Камчибек Ташиев тантанали маросимда кўринмади.

Президент Жапаров маросимда сиёсий қарашлардан қатъи назар, мамлакат учун муҳим масалаларда бирдамликни сақлашга чақирди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ