Истанбул вилояти волийлиги (Туркияда волий президент томонидан тайинланади) шаҳардаги барча мактабларда жума намозини адо этиш имконини берувчи етарли сиғимга эга намозхоналар (масжидлар) ташкил этиш бўйича расмий буйруқ берди. Истанбул волийси Давут Гул имзолаган ушбу ҳужжат ижро учун шаҳарнинг барча 39 та туман ҳокимликларига (kaymakamlık) юборилди.
Янги тартибга кўра, мактабларда ибодат жойларини ташкил этиш икки босқичда амалга оширилади:
Янги қуриладиган мактаблар: Лойиҳалаш ва режалаштириш босқичидаёқ жума намози ўқишга мўлжалланган, кенг ва етарли сиғимли масжид майдонлари ажратилади.
Фаолият кўрсатаётган мактаблар: Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, мактаб ичидаги қулай хона ва ҳудудлар жума намози ўқиладиган масжидга айлантирилади.
Волийлик ушбу қарорнинг асосий мақсадларини қуйидагича изоҳлади:
Хавфсизлик: Ўқувчилар ва таълим ходимларининг хавфсиз муҳитда ибодат қилишларини таъминлаш.
Дарс қолдиришнинг олдини олиш: Жума намози сабабли ўқувчиларнинг мактаб ҳудудидан ташқарига чиқишини камайтириш ва шу орқали дарс жараёнларининг узилиб қолмаслигини таъминлаш.
Ҳуқуқий асос: Инсонларнинг ўз эътиқоди ва маънавий қадриятларига кўра ибодат қилиш эҳтиёжини асосий ҳуқуқ ва эркинликлар доирасида таъминлаш.