Бишкекда Давлат қўриқлаш хизмати ходими вафот этди

Бишкек шаҳрида хизмат вақтида ҳушини йўқотиб, 29 июнь куни вафот этган Давлат қўриқлаш хизмати (СГО) ходими бундан аввал Иссиқкўл вилоятида калтаклангани маълум бўлди. Унга ҳужум қилганликда гумон қилинган беш нафар шахс қўлга олинди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, 29 июнь куни Мирсаид Мирраҳимов номидаги Миллий кардиология ва терапия марказининг жонлантириш бўлимида Давлат қўриқлаш хизматида қўриқчи бўлиб ишлаган 23 ёшли Ж.Т. вафот этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўша куни эрталаб хизмат сафланиши вақтида у тўсатдан ҳушидан кетиб, йиқилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Маълум қилинишича, жасад ташқи кўрикдан ўтказилганда оғир жароҳатлар аниқланмаган. Бироқ кўкрак қисмида кўкаришлар ва тирналиш излари қайд этилган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Кейинчалик, 22 июль куни марҳумнинг акаси Ак-Суу туман милициясига мурожаат қилди. Унинг айтишича, 11 июндан 12 июнга ўтар кечаси Ж.Т. Ак-Суу туманидаги қишлоқлардан бирига севгилисининг олдига келган вақтда номаълум шахслар томонидан аёвсиз калтакланган.

Мазкур холат юзасидан милиция жиноий иш очиб, беш нафар гумондор шахсларни ҳибсга олди. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ