Ўш шаҳридаги Оқ бура дарёсига тушиб кетган боланинг жасади Ўзбекистон ҳудудидан топилди.
Бу маълумот Ўш Ички ишлар бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тасдиқланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 31 май куни эски товуқ бозори ҳудудида бир нечта бола дарёга тушган вақтда сув сатҳи кўтарилиб кетган. Натижада болалар сув оқимига учраган. Тўрт нафар бола қутқарилган, бири бедарак йўқолган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, қидирув ишларига Ўш шаҳар бошқармасидан 82 нафар қутқарувчи, дрон ва жами 128 киши жалб қилинган.
Кейинроқ, 2017 йилда туғилган А.Н. исмли боланинг жонсиз жасади Ўзбекистон ҳудудидаги Оқ бура дарёсидан топилган.
Ҳозирда марҳумнинг жасадини олиб келиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.