Ўш шаҳар мэри Жанарбек Акаев Кореянинг етакчи сув ресурсларини бошқариш корпорацияси – K-water вакиллари билан учрашди.
Шаҳар мэриясининг маълумотларига кўра, томонлар Ўшда замонавий электрон тизим орқали тоза сув тақсимотини назорат қилиш лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилишди. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион долларни ташкил этади ва маблағлар қайтарилмайдиган грант шаклида тақдим этилади.
Лойиҳа Озгур сув тозалаш иншоотини модернизация қилишни, шунингдек, шаҳар сув таъминоти тизимини рақамли ва «ақлли» бошқарув технологияларига ўтказишни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, муассасанинг операцион ва ташкилий имкониятларини мустаҳкамлаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва инфратузилмани модернизация қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар лойиҳани самарали амалга ошириш ва келгусида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.