Бишкек ва Қозоғистон Республикаси ҳудудида интернет орқали ноқонуний вебкам – студияларини ташкил қилган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.
Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, махсус хизмат Бишкекнинг Биринчи май тумани Ички ишлар бошқармаси билан биргаликда интернет орқали фоҳишалик ва ахлоқсизликни ташкил қилишда гумон қилинаётган А.А.А., Б.Б.С., Э.А.Э. ва О.Э.К. исмли Қирғизистон фуқароларини қўлга олди.
Улар уюшган жиноий гуруҳ сифатида ишлаган, Бишкек ва қўшни Қозоғистонда вебкам – студиялари тармоғини яратган ва унинг фаолиятини таъминлаган.
Тергов давомида гумонланувчилар Бишкекнинг турли туманларида квартираларни ижарага олгани ва ноқонуний фаолиятларини яшириш учун улардан студия сифатида фойдалангани маълум бўлди.
Юқорида кўрсатилган манзилларда ўтказилган тинтувлар натижасида веб-камералар, ёритиш ускуналари, компьютер ускуналари, эротик либослар ва жинсий характердаги онлайн трансляциялар учун мўлжалланган бошқа буюмлар мусодара қилинди.
Шунингдек, гумондорлар “Chaturbate”, “Stripchat” ва “BongaCams” каби интернет платформаларида жонли эфирлар олиб борганликлари ва ноқонуний даромадларни “Binance” крипто ҳамёнларига ўтказганликлари маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тергов ва тезкор чоралар давом этмоқда.