Ўш шаҳрида милиция ходимлари тунги совуқда машинада ёлғиз қолган 5 ёшли қизчани қутқарди.
Бу ҳақда Ўш вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, 24 декабр тунги тахминан соат 03:20 да Ўш халқаро аэропорти ҳудудида жамоат тартибини кузатаётган патрул ходимлари автотураргоҳда Dаеwоо Nexia русумли автомобилда ухлаб ётган кичкина қизчани пайқашган.
Текширув давомида машина эшиги ёпиқ бўлиб, бола ичкарида ёлғиз эканлиги аниқланган. Ходимлар машина эгасини топишга ҳаракат қилишган, аммо натижа бермади.
Ҳаво совуқ бўлгани туфайли боланинг музлаб қолганини ҳисобга олган ҳолда, милиция ходимлари машина эшигини бузиб очиб, қизчани ташқарига олиб чиқишди. Унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, ота-онасига топширилди. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бола машинада тахминан 4 соат қолган.
Милиция фуқароларни болалар хавфсизлигига алоҳида эътибор беришга чақириб, бундай бепарволик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.