Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш вилоят адвокатлар коллегияси аъзоси, Новқат туман судида ишлаган Ж.К.Т. фирибгарликда гумонланиб, қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Маълумотларга кўра, судланувчига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чоғида у судланувчининг отасини «суд расмийлари билан алоқаси борлигини ва иш бўйича ижобий қарор чиқаришга ёрдам бериши мумкинлигини» айтиб, адаштирган.
Ушбу “ёрдам” учун у 110 минг сом талаб қилган.
16 октябр куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан Ж.К.Т. пул олаётганда ҳибсга олинган. Ҳозирда у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик ҳибсхонасида сақланмоқда.
Тергов идоралари бу ишга бошқа шахсларнинг ҳам алоқадорлиги бор-йўқлигини текширмоқда.