Бишкекда Кўк-Жар қишлоқ туманидаги йирик ер участкаларини ноқонуний сотиш бўйича коррупцион схема фош этилди. Бу ҳақда шаҳар милицияси матбуот хизмати хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, “Кўкжар”нинг собиқ қишлоқ ҳукумати раҳбари Ч.Э. (ҳозирги вақтда Ўш вилояти Новқат тумани ҳокими), ер эгалари О.С. ва Ж.T.лар билан маслаҳатлашиб, экин майдонларини ноқонуний равишда майда участкаларга бўлиб, хусусий уй-жой қуриш учун сотиб юборган.
Ноқонуний сотилган ер участкаларига йўллар ётқизилиб, сув ва электр тармоқлари уланган.
Натижада экин майдонларига зарар етказилиб, давлатга 2 миллиард сомдан ортиқ зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 336-моддаси (“Коррупция”) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ч.Э. ушланиб, вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилди.
Тергов давомида мазкур ҳолатга алоқадор жами 12 нафар шахс аниқланиб, суд қарори билан қамоққа олингани маълум қилинди.