Қирғизистонда ёқилғи-мойлаш материаллари нархини ортиқча ва асоссиз ошириб юборган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Бу ҳақда Монополияга қарши тартибга солиш хизмати раиси Женали Орозбаев “Кабар” агентлигининг “Элден Собол” дастурининг жонли эфирида маълум қилди.
Унга кўра, АИ-92 ва дизел ёқилғиси ижтимоий аҳамиятга эга товарлар рўйхатига киритилган.
«Агар ёқилғи нархи асоссиз оширилса ва нефт савдогарлари нархларни ўзлари хоҳлаганча белгилашни бошласа, бизнинг хизматимиз тартибга солиш механизмини ишга туширади. Бунинг учун махсус тайёрланган режалар бор. Ҳозирча бозордаги вазиятни тушуниш билан кузатмоқдамиз», – деди Орозбаев.
Орозбаевнинг қайд этишича, Вазирлар Маҳкамаси солиқ сиёсатига ҳеч қандай ўзгартириш киритмаган. Акциз ва қўшилган қиймат солиғи бир хил даражада қолмоқда. Шунинг учун ички омиллар нархларнинг ошишига асосий сабаб эмас.
«Асосий сабаб – бу товар. У камомад туфайли Россиядан олиб келинмоқда ва жаҳон бозоридаги нархлар ўзгариши бевосита таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, биз ички талабнинг атиги 5 фоизини қоплай оламиз», – дея қўшимча қилди у.