Қирғизистон президенти Садир Жапаров 17 сентябрда Жалолободни Манас шаҳри деб қайта номлаш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Мамлакат раҳбари сайтидаги маълумотга кўра, «қонуннинг мақсади миллий идеологияни мустаҳкамлаш, халқ қаҳрамони, қирғиз халқини турли ҳужумлардан ҳимоя қилган олийжаноб Манаснинг номини Жалолобод шаҳрига бериш ҳисобланади».
Қонун лойиҳаси бу йил 10 сентябрда Жогорку Кенеш томонидан қабул қилинган.
Парламентнинг Конституциявий қонунлар, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси 9 сентябрдаги йиғилишида шаҳар номини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилганда, Вазирлар Кабинети тасарруфидаги Давлат хизмати ва маҳаллий ўзига хос бошқарув ишлари бўйича давлат агентлиги директори Қудайберген Базарбоев таклиф маҳаллий аҳоли томонидан берилганини маълум қилган.
Жалолобод шаҳар кенгаши 3 сентябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияда шаҳар номини Манас деб ўзгартириш бўйича шаҳар мэри Эрнисбек Ормоковнинг таклифини қўллаб-қувватлаган.
Шаҳар 1991 йилда Жалолобод вилоятининг маркази сифатида белгиланган. Сўнгги йилларда бу шаҳарда кўплаб инфратузилма қурилишлари амалга оширилмоқда. Давлат ипотека компаниясининг кўп қаватли уйлари қурилган, ички йўллар, стадион, ижтимоий объектлар барпо этилган.
Бу йил 31 август — Мустақиллик кунини президент Садир Жапаров Жалолобод шаҳрида нишонлаб, йирик маъмурий бинолар очилиш маросимида қатнашган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчыбек Ташиев бугунги кунда минтақаларни ривожлантиришга бюджетдан қўшимча маблағ ажратилганини таъкидлаб, Жалолобод вилоятига 10 миллиард сом ажратилганини билдирган. Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йилда ушбу шаҳарга 1 млрд 91 млн сом ажратилган.
Ҳозирда шаҳар аҳолиси 184 мингдан ошган.
Қонун расмий эълон қилинган кундан сўнг ўн кун ўтгач кучга киради.