4 сентябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жамоат транспортида назорат кучайтирилиб, “Жамоат транспорти” деб номланган рейд тадбирлари бошланди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, рейд доирасида жамоат транспортида ҳаракатланаётган ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилиб, қоидабузарликлар аниқланса, тегишли жарима солинади ва тушунтириш ишлари олиб борилади.
Бош бошқарма маълумотларига кўра, охирги пайтларда йўловчи ташувчи жамоат транспортида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпайиб, йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда. Автобус бекатларида тўхтамаслик, тирбандлик ҳосил қилиш, телефондан фойдаланиш ёки ҳайдаш вақтида чекиш ҳайдовчилар ҳайдаш маданиятининг пастлигидан далолат беради.
Бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида барча вилоят ва шаҳарларда ташкил этиладиган рейдлар ўтказилади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга, йўловчилар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишга чақиради.