Ярим йилдан бери Ўш шаҳрида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, юздан ортиқ турли иншоотлар бузилмоқда, йўллар кенгайтирилмоқда. Уларнинг орасида турар жой уйлари, дўконлар, ресторанлар ва кафелар ҳам бор. Шаҳар ҳокимияти маълум қилишича, бузилаётган объектлар ноқонуний қурилган ёки “қизил чизиқ”дан ташқарида жойлашган ва бу ишлар бош режа асосида амалга оширилмоқда. Аммо мулк эгалари зарур ҳужжатлар мавжудлигини айтиб, товон пули талаб қилмоқда. Шаҳар ҳокими Женишбек Токторбаев бу жараённи шахсан назоратига олиб, ҳеч ким уйсиз қолмаслиги учун ҳаракат қилмоқда.
Шубҳасиз, вақт ўтиши билан шаҳар ривожланиши керак. Аҳоли сони ўсмоқда, автомашиналар сони кўпаймоқда. Ўш шаҳридаги йўллар, кўприклар, бинолар ва турар жойлар СССР давридаги бош режа асосида қурилган ва ҳалигача аҳолига хизмат қилиб келмоқда.
Ушбу иншоот ва йўллар қурилишида бобом Маманазар Саипов ва дадам Авас Саипов меҳнат қилишган. Улар шаҳар ривожига ўз меҳнатлари билан катта ҳисса қўшишган, аммо бунинг эвазига давлатдан ҳеч қандай моддий ёрдам олмаган. Оддий давлат хизматчилари сифатида маошга ишлашган.
Дадам мактабни тугатгач, 1972 йилда Ўш автомобиль-йўл техникумига ўқишга кирган ва бир йилдан сўнг Фрунзедаги автомобиль-йўл техникумида (ҳозирги Кусейин Қўлбоев номидаги Бишкек автомобиль-йўл коллежи) ўқишини давом эттирган. У талабалик пайтида Бишкек – Қант – Тўқмок автомобиль йўли қурилишида ишлаган. 1976 йилда ўқишни тамомлаганидан сўнг эса армияга кетган.
Армиядан қайтиб келгач, 1978 йилда Ўшдаги “Юждортрасстрой” ҳудудий қурилиш-монтаж бошқармасида мутахасис сифатида иш бошлаган. У ерда бобом Маманазар Саипов ҳам грейдер ҳайдовчиси сифатида ишлар эди. Вақт ўтиши билан дадам прораб бўлди, бобом эса унинг қўл остида ишлади.
«Бу ерда сен раҳбар, мен ишчи. Ишда ҳамкасбмиз, уйда эса ота ва ўғил», дерди бобом дадамга.
Ота ва бола нафақат Ўшда, балки Қирғизистон бўйлаб бирга йўллар қуришди, хизмат сафараларига чиқиб, энг олис ҳудудларда ҳам ишлашди, у ердаги ҳар бир бурилишни яхши билишарди.
1979 йилда Ўшдаги Оқбура дарёси устига янги кўприк (Дом быта) қурилиши бошланди, у шаҳарнинг икки қисмини боғлашга мўлжалланган эди. Ушбу лойиҳада шаҳарнинг барча мутахассислари, жумладан ота-бола Саиповлар ҳам иштирок этишди. Кўприкнинг охирги қисмига бетон бўлакларини (балка) ўрнатиш масъулияти дадамга юклатилди.
Қурилиш тугагач, бир неча ишчилар мукофотланди, жумладан бобом Маманазар Саипов ҳам. Унга шаҳар марказидан, «Аравонский» мавзейидаги ёнғин хизмати қаршисида қурилган кўп қаватли бинодан икки хонали квартира таклиф қилинди. Бироқ бобом уни рад этди.
«Одамлар мени ягона ўғли учун квартира олди, дейишарди. Шунга уни рад қилганман. У даврда энг муҳими ҳалоллик эди», деган бобом раҳматли.
Дадам Авас Саипов оддий мутахасисликдан бошлаб ҳудуд (участка) бошлиғигача бўлган йўлни босиб ўтди. Юзлаб одамларга раҳбарлик қилди. Аммо мавқеи ва лавозимини суистеъмол қилмади, мансабидан фойдаланмади ва давлат мулкини ўзлаштирмади.
Бугунги кунда Ўшда кўплаб ерлар давлатга қайтарилмоқда, чунки улар қачонлардур ноқонуний тарзда “эгалланган” эди. СССР парчалангач, айниқса 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида кўпчиликка ер участкаларини арзон нархда, ҳатто “бепул” расмийлаштириш таклиф қилинган. Бундай таклифлар дадам ва бобомга ҳам дўстлари ва танишлари томонидан берилган. Лекин улар буни рад этишган.
Биз, болалари, буни тушунмасдик. Нима учун дадам ва бобом бошқалар қўлга киритаётган имкониятдан фойдаланишмаяпти, деб. Фақат катта бўлгач англадик: бу ерлар давлатники, уларни “эгаллаш” ноқонуний эканини. Ҳа, кимдир у ерлардан 20–25 йил фойдаланди, аммо охир-оқибат ҳозир давлат уни барибир қайтариб олмоқда.
Бобом ва дадам давлат раҳбарлари, жумладан собиқ президентлар билан ҳам дўст бўлишган. Аммо ҳеч қачон улардан моддий ёрдам ёки мансаб сўрашмаган, муносабати фақат дўстона бўлган. Бугунги кунда ҳам биз оталаримиз дўстлари билан яхши муносабатни давом эттирмоқдамиз. Улар Ўшга келганида бизнинг уйда меҳмон бўлишади, биз Бишкекқа борганда уларнинг уйида. Лекин бобом ва дадам каби, биз ҳам расмийлардан ҳеч қачон пул ёки мансаб сўрамаймиз. Бу бизнинг оилавий хусусиятимиз – фақат меҳмондўстлик ва самимий салом-алик.
Укам Юсуф Саипов дадамнинг касбини давом эттирди. У Бишкекда таҳсил олгандан сўнг, сўнгги 15 йил мобайнида Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги тасарруфидаги “Қирғиздортранспроект” давлат лойиҳа институтида бош муҳандис бўлиб ишламоқда. Қирғизистон бўйлаб кўплаб йўл лойиҳаларида иштирок этди. Сўнгги уч ойдан бери эса Бишкек-Қант-Тўқмок ва Лебединовка – ГЭС йўлининг қурилишини бошқармоқда. У ҳам дадам ва бобом сингари меҳнатсевар ва ҳалол. Мен у билан фахрланаман.
Укам қарийб 20 йилдан бери Бишкекда яшайди, аммо ҳалигача ижара уйдан-уйга кўчиб ўтади, чунки маошдан ошириб уй олиш имконияти йўқ. Бу ҳам бўлса дадам ва бобомга ўхшаб ҳалоллик билан яшаганининг натижаси.
Кўпчилик оиламиз бой деб ўйлайди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, биз боймиз, лекин моддий эмас – билим ва маънавиятда. Бизнинг уйимиз шохона эмас, аммо унда тинчлик, самимият, ҳалоллик ва барака бор. Егулигимиз, кийим-кечагимиз бор ва ҳеч кимдан қарзимиз йўқ. Мақсадимиз бойлик эмас, балки фарзандларимизнинг сифатли таълимига сармоя киритиш, худди оталаримиз биз учун қайғурганидек.
Бобом 50 йилдан зиёд, дадам эса 40 йилдан зиёд Қирғизистоннинг турли ҳудудларида меҳнат қилди. Бобом 2000 йил апрелида 71 ёшида, дадам эса 2018 йилда, 61 ёшида вафот этди.
Улар бизга ҳалоллик, яхшилик ва сабр-тоқатни ўгратишди. Инсонларга ёрдам беришди. Одамларни миллатга ажратмади, уларни адолатсизликдан ҳимоя қилди. Ҳаммага бир хил муносабатда бўлишди ва бунинг эвазига ўзлари ҳам ҳурмат қозонишди.
Улар Қирғизистонни севишган, ўз ватанига садоқатли инсонлар эдилар.
Аллоҳ улардан рози бўлсин ва жойларини жаннатда қилсин!
Шоҳруҳ Соипов