Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрилди. Бу ҳақда Россия Тинчлик жамғармасига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.
Маълумотларга кўра, давлат раҳбарлари номзодлари глобал ҳуқуқий тартибот асосида умумий ва тенг ҳуқуқли хавфсизликни таъминлаш, кўп томонлама дунё тартибини барпо этиш, шунингдек, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йилнинг март ойида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида уч давлат раҳбарлари чегарани белгилаш тўғрисидаги битим ва “Абадий дўстлик тўғрисида”ги Хўжанд декларациясини имзолаган эди.
Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти 2024-йилда таъсис этилган. Мукофот сиёсатчилар ва халқаро ташкилотларга урушларнинг олдини олиш ва тинчликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилади. У ёзувчи Лев Толстой таваллуд топган куни, 9-сентябрь куни Москвада тақдирланади. Биринчи лауреат Африка Иттифоқи бўлган.