Ўшнинг марказий майдонидаги Ленин ҳайкали олиб ташланди

Ўш шаҳри марказий майдонида жойлашган, 1917 йилги Октябрь инқилоби етакчиси ва Совет Иттифоқи асосчиси Владимир Ленин ҳайкали олиб ташланди. Бу ҳақда биринчи бўлиб Узпрессга хабар берган маҳаллий фаол Бахтиёр Мамажонов, ўзи томонидан олинган суратларни тақдим этди.
Унинг сўзларига кўра, шаҳар ҳокимияти ёдгорлик демонтаж қилиниши ҳақида аҳолини аввалдан огоҳлантирмаган.

“Барча ишлар 7 июнь куни тунги пайтда, аҳоли эътиборини тортмаслик мақсадида амалга оширилди”, дейди Мамажонов.

Ўш шаҳар мэриясининг матбуот хизмати мазкур хабарни тасдиқлаб, шаҳар ҳокимияти ходимлари ҳайкални эрталаб жойидан олиб кетишганини маълум қилди.

Расмий маълумотда қайд этилишича, Ленин ҳайкали “Мээрим” истироҳат боғига кўчирилади. Унинг ўрнида эса Бишкекдаги каби давлат байроғи устуни ўрнатилади.

“Россиянинг Санкт-Петербург ва Белгород каби шаҳарларида ҳам Ленин ҳайкаллари демонтаж қилинган ёки бошқа жойларга кўчирилган. Бу шаҳарларнинг архитектура ва эстетик қиёфасини яхшилашга қаратилган оддий ҳолат. Шу боис, масалани сиёсийлаштиришга ҳожат йўқ”, дейилади баёнотда.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Бекболот Арзибоевнинг таъкидлашича, ҳайкални олиб ташлаш масаласи сессияларда муҳокама қилинмаган ва қарорни эҳтимол, шаҳар ҳокимияти мустақил қабул қилган.

Бунгача ҳам собиқ шаҳар раҳбарлари Ленин ҳайкалини марказий майдондан олиб ташлашга уринишган, аммо амалга ошмаган.

Парламент депутати, Қирғизистон Коммунистлар партияси раҳбари Исхоқ Масалиев, Ленин ҳайкалининг олинишга кескин муносабат билдириб, уни “манқуртлик” деб атади.

“Ўшдаги Ленин ҳайкалини тунда олиб қўйишибди. Шаҳар аҳолисининг фикри сўралмади ҳам. Бу каби қарорлар ўтмишни унутишга қаратилган ҳаракатлардир. Аксинча, ҳалқимизга совет ҳукумати олиб келган ютуқлар ҳақида гапирмайликми? Илмсизлик оқибатларини сеза бошладик. Қонун ҳимоя қилади, кейин тўғрилаб қўямиз. Уят, ака-укалар!”, дея ёзди сиёсатчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Бундан аввал пойтахт Бишкекдаги Ҳукумат уйи олдида жойлашган Ленин ҳайкалини ҳам олиб ташлаш ёки кўчириш масаласи кўтарилган, аммо жамиятдаги баҳс ва тортишувлар туфайли бу амалга оширилмаган.

Ўшдаги ҳайкалнинг олиб ташланиши жамоатчилик орасида турли фикрлар ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айримлар Лениннинг Қирғизистон тарихидаги аҳамиятини урғулаётган бўлса, бошқалар унинг ўрнига мустақилликка бағишланган янги ёдгорлик ўрнатилишини таклиф қилмоқда.
“Кўпчилик Ленин туфайли биз ўз ҳудудимизга эга бўлганимизни унутган бўлса керак, акс ҳолда бизни парчалаб ташлашлари мумкин эди”, дейди ўшлик Илҳом Жумабаев.

Унга жавобан: “Ленин шарофати билан Марказий Осиё давлатлари зўрға ўнгланмоқда, чегара муаммолари фақат қон тўкиш билан ҳал қилинди. Ленин туфайли аҳолининг зиёли қатлами қатлиом қилинди ва ҳоказо”, дейди Умар Соипов.

Тошкентлик Ориф Мўминов эса, Ленин ҳайкалининг олингани билан унинг хотираси абадий сақланишини айтади.

“Ҳа, ачинарли… Лекин барибир у тарихий шахс бўлиб қолади. Уни эслашнинг ўзи ҳам кўпгина замонавий сиёсатчиларни ҳалигача даҳшатга солади. Ўзларининг исмларини эса ўлимларидан сўнг ҳатто фарзандлари ҳам эсламайди. Ҳайкал шунчаки темир тўплами, хотира эса дилларда яшайди”, дея фикр билдиради Ориф Мўминов.

Бу фикрга қўшилаолмаслигини айтган Абдуҳалим, “Чингизхон ва Гитлер ҳам тарихий шахс бўлиб унутилмаябди”, дейди.

Совет ҳайкалтароши, СССР Бадиий академияси президенти Николай Томский томонидан ясалган Ленин ҳайкали, 1975 йили Ўш вилоят ҳокимияти биноси олдига, марказий майдонга ўрнатилган.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ