Ўш вилояти судининг 29-майдаги қарорига мувофиқ, Ўш шаҳрининг собиқ қозиси Мирланбек Тўқтомушев қайтадан тергов ҳибсхонасига киргизилди.
Вилоят судининг 2-июнь куни тарқатган маълумотига кўра, Тўқтомушев 18-июнга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўшдаги бошқармасига қарашли вақтинча сақлаш муассасасига киргизилган. Терговчининг илтимосига биноан, шаҳар судининг аввалги қарори бекор қилинган.
Собиқ қози Мирланбек Тўқтомушев 23-май куни қўлга олингани хабар қилинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) қозиятда узоқ вақтдан бери “ноқонуний пул йиғиш” ҳолатлари кузатилганини, доимий равишда амалга оширилаётган ноқонуний ишларга чек қўйилганини маълум қилган.
Тўқтамушев бир кун ўтгач уй қамоғига чиқарилган. Ўш шаҳар суди унга қўйилган айблов жиноятнинг оғир тоифага киришини таъкидлаган, бироқ унинг доимий яшаш манзили ва ёши кичик икки фарзанди борлиги, аввал судланмагани, соғлиғи ёмон экани ва яқинда даволангани инобатга олинганини маълум қилган.
Тўқтомушев ёки унинг адвокати ҳозирча изоҳ бермади.
26-май куни Ўш шаҳар қози этиб Самидин Атабаев тайинланган. Шу куни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари Абдулазиз Закиров Ўш шаҳрида маҳаллий имомлар ва диний ходимлар билан йиғилиш ўтказиб, молиявий ишлар қонунга мувофиқ олиб борилиши кераклигини эслатган.