Қирғизистон ТИВ Яқин Шарққа саёҳат қилмасликни тавсия қилди

Исроил армияси 19 апрель куни Эрон ҳудуди бўйлаб зарба берди, бу зарбалардан ҳеч қаерга шикаст етмаганини билдирган Эрон эса “максимал даражада” жавоб қайтаришни ваъда қилмоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 19 апрель куни фуқароларга Яқин Шарқ минтақасига, хусусан, Исроил, Эрон, Сурия, Ироқ, Ливан ва Фаластинга саёҳатдан тийилиб туришга чақирди.

ТИВ буни “минтақада давом этаётган кескин вазият” билан изоҳлади.

Исроил армияси 19 апрель куни Эрон ҳудуди бўйлаб зарба берди, бу зарбалардан ҳеч қаерга шикаст етмаганини билдирган Эрон эса “максимал даражада” жавоб қайтаришни ваъда қилмоқда.

Эрондаги давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари 19 апрель тонгида ядровий қурилмалар бўлган Исфаҳон осмонида “мини-дронлар” уриб туширилгани ҳақида хабар қилишди. Расмий маълумотларга кўра, ҳужум натижасида вайронгарликлар бўлмаган, ядровий инфратузилмага шикаст етган эмас (сўнгги ҳолатни Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам тасдиқлаган). Шунингдек, Табриз осмонида ҳам портлашлар содир бўлган. Эронда ички рейслар бекор қилинган, Теҳрон аэропортидан ташрифчилар эвакуация қилинган.

Reuters агентлиги икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда, ҳужумда иштирок этган дронлар Эрон ҳудудидан учирилганини ёзиб чиқди.

Ҳужумдан аввалроқ Эрон Исроилнинг эндиги зарбасига якшанба кунгидай “минимал жавоб” бермасдан, “максимал даражада” жавоб беришини билдирган эди. 14 апрелга ўтар кечаси амалга оширилган ўша ҳужумда Эрон Исроилга қарши уч юзга яқин ракета ва дронлардан фойдаланган (бу дрон ва ракеталарнинг 99 фоизи уриб туширилгани билдирилган). Бу ҳужум, ўз навбатида, Исроилнинг 1 апрель куни Суриядаги Эрон консулхонаси биносига берган зарбасига жавоб экани айтилган. Ўша ҳужумда эронлик икки генерал ва Ислом инқилоби посбонлари корпусининг яна беш нафар ходими ҳалок бўлган эди.

“Агар Исроил режими яна бир марта катта хатога йўл қўйса, бунга жавобимиз кескин, исроилликлар учун якуний ва ўкинчли бўлади”, деган эди Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён 18 апрель куни.

Исроил оммавий ахборот воситалари 19 апрель куни Исроил Ироқ ва Суриядаги объектларга ҳам зарба бергани ҳақида хабар қилишган. Бу икки мамлакатда ҳақиқатан ҳам портлашлар содир бўлган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ