«Вагнер» сафида жанг қилган қирғизистонлик 5 йилга қамалди

У «ёлланма жангарилик»да айбланмоқда.

Қирғизистоннинг Норин вилояти суди Бекназар Бўруғул ўғлини “Вагнер” ХҲК сафида Украинадаги урушда қатнашгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

27 ёшли Норин вилоятининг турғуни 2023 йил август ойида Россиядан қайтганда ҳибсга олинган эди. «Вагнер» сафига у Россия қамоқхоналаридан бирида жазо муддатини ўтаётганда қўшилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг хабар беришича, ушбу шахсга нисбатан «ёлланма жангарилик» моддаси бўйича иш очилган эди.

Аввалроқ, Украинада жанг қилган 31 ёшли Асқар Кубаничбек уулу худди шу модда билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ кейинчалик Олий суд аввалги инстанцияларнинг қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўришга жўнатган.

Россиянинг Украинага тажовузида кўплаб қирғизистонликлар, асосан Россия қамоқларидаги маҳбуслар жалб этилган. ОАВда Украинада ҳалок бўлган қирғизистонликлар ҳақида хабарлар мунтазам берилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ