Амалдорлар платформани Қирғизистонда блоклаш ҳақидаги қарорнинг ижроси таъминланмаганлигини «техник мураккабликлар» билан изоҳлади.
Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг вакили Бектур Ибрагимов Озодликка маълум қилишича, ТикТок платформасини тақиқлаш билан боғлиқ техник қийинчиликлар юзага келган.
“Лекин TikTok платформасини мамлакат ҳудудида блоклаш ҳақидаги қароримиз ҳали ҳам кучда. Рақамли тараққиёт вазирлиги бу ишни уддасидан чиқиши керак эди. Аммо техник қийинчиликлар пайдо бўлди, шунинг учун бу иш ҳали якунига етмади”, деди Ибрагимов.
Вазирлик вакилининг таъкидлашича, ТикТок раҳбарияти билан музокаралар давом этмоқда.
Вазирлик ёш бўйича чекловларни жорий этиш ва платформа қоидаларини Қирғизистон қонунчилиги билан мувофиқлаштириш шартларини қўйган. Тикток ҳозирча бу талабларни бажармаган.
Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакатда ТикТок ижтимоий тармоғини тақиқлашга киришганини 30 августда эълон қилган эди. Вазирлик баёнотида айтилишича, ТикТок болалар саломатлиги ва ривожланишига зарар етказувчи маълумотлардан фойдаланишга чекловлар қўймаслиги аниқлаган.
Аввалроқ Жўғўрқу Кенеш (парламент)депутатлари ҳам ижтимоий тармоқнинг болаларга “салбий таъсири”ни рўкач қилиб Қирғизистон ҳудудида ТикТокни блоклашни таклиф қилган эди.
ТикТок блокланиши ҳақидаги хабар тарқалгач таниқли шахслар ва блогерлар видеосервиснинг тақиқланишига қарши чиққан.
Июнда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси август ойидан бошлаб интернет-трафикни бошқариш ва фильтрлаш имконини берувчи DPI (Deep Packet Inspection) технологиясидан фойдаланишни бошлаши мумкинлиги хабар қилинган эди.
ТикТок – бу қисқа видеоларни яратиш ва томоша қилиш ижтимоий тармоғидир. Ушбу дунёдаги энг кўп юклаб олинган иловалардан бири Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли. Аксар қирғизистонликлар ТикТокдан фаол фойдаланадилар, ўнлаб таниқли блогерлар ушбу хизматда контент яратишади.